Бемормисиз? Сизга бепул дори беришдими?

23 июль куни эрталаб телеграм каналимиз орқали “Коронавирусга чалинган беморлар бепул дори-дармон билан таъминланиши белгиланган. Сиз бу имкониятдан фойдаландингизми?” деган савол билан ижтимоий сўров эълон қилгандик.

Кеча соат 18:00 га қадар сўровномада 884 нафар киши иштирок этиб, уларнинг 504 нафари, яъни 57 фоизи “йўқ, бу ҳақда эшитмадим” деган жавобни танлаган.

Иштирокчиларнинг 225 нафари “ўзим дори сотиб оляпман”, деган жавобга тўхталган бўлса, 98 киши эса “поликлиника (ҚВП)га, оилавий шифокорга мурожаат қилганман, лекин натижа йўқ”, деб жавоб берган.

“Ҳа, дори-дармон беришди” деганлар эса атиги 58 нафарни ёки жами респондентларнинг 7 фоизини ташкил этяпти.

Бундан кўриниб турибдики, аксарият юртдошларимиз республика махсус комиссиясининг коронавирус билан касалланган ва уйида даволанаётган беморларни бепул дори-дармон билан таъминлаш хусусидаги қароридан бехабар. Демак, бу борада халқимизга кенг маълумот бериш, бу дори-дармонларни олиш тартибларини тушунтириш лозим.

Умид қиламизки, вилоят комиссияси, соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари бу ҳақда аҳолига, ОАВга маълумот тақдим этади.