Бенжамин Франклин: Пуллар ҳаракатда бўлиши лозим, уларга эркинлик беринг!
Ер куррасининг энг чекка жойларигача етиб борган юз долларлик пулда кимнинг сурати акс этганини биласизми? Қўшма штатлар халқи бу инсонни икки юз йилдан бери қадрлаб, “Америкаликлар отаси” дея эътироф этади.
Бенжамин Франклин.
Ўн етти ёшида чўнтагида бор-йўғи бир доллар маблағ билан ўзи туғилиб ўсган Бостон шаҳридан ўша пайтдаги пойтахт – Филадельфия томонга бош олиб кетган ўспирин.
Бир долларга Бенжамин учта кулча сотиб олади. Иккитасини йўлда учраган ёш болали аёлга бериб, биттаси билан ўзи тушлик қилади. Бахт ва толеини излаб сарсон бўлган бу ўсмир кунлар келиб жаҳон иқтисодиётининг афсонасига айланишини ким ҳам ўйлабди, дейсиз.
У Филадельфияга келгач, босмахонада ҳарф терувчи бўлиб иш бошлайди. Кейинчалик ўзи мустақил босмахона очиб, газета нашр этишга киришди. Тез орада сармояси кўпайиб, таниқли тадбиркорга айланди.
“Бой бўлишни истаганларга маслаҳатлар” ва “Ҳар кимнинг чўнтагида пули мўл бўлиши учун нима қилиш керак?” сарлавҳали мақолалари альманахда босилгач, кўплаб тадбиркорлар Франклиннинг ўгитларига таяниб иш тутадиган бўлишди.
Бенжамин Франклиннинг сиймоси юз долларлик пулда акс этгани бежиз эмас. У АҚШ тарихида улкан из қолдирган. 1728 йилда Франклин ташкил этган маърифатпарварлик клуби қирқ йилдан ортиқ фаолият кўрсатди. Филадельфиядаги илк олий ўқув юрти – университет ташкил этган ҳам, қоғоз пул босиш технологиясини кашф қилган ҳам Франклин эди.
Ишлари юришиб кетгач, асосий маблағини шаҳарни обод қилиш ва камбағаллар учун бепул касалхона очишга сарфлади. Замондошларининг ёзишича, “Оз-оздан тежалса, кўп сармоя (маблағ) ҳосил бўлади”, деган ибора Бенжамин Франклиннинг шиори бўлган.
Бирдан бойиб кетишни орзу қиламизу, лекин буни аввало, ўзимиз тасаввур қилолмаймиз. Бу билан ўзимиз томон келаётган пул олдига катта “тўсиқ” қўйган бўламиз. Пуллар буни яққол “сезади”. Пулни санаб-санамай, тартибсиз ҳолда сақлаш уни етарли даражада қадрламасликдир. Пул буни инобатга олади. Саломга яраша алик қайтариши тайин. Шундай экан, ҳамёнингизда қанча пул борлигини аниқ билишингиз керак.
Пуллар ҳаракатда бўлиши лозим, уларга эркинлик беринг. Ҳаракати қанчалик фаол экан, улар шунчалик кўпаяверади. Бировга кўмаклашиш ниятида пул бераётганингизда асло ачинманг. Ҳадя ёки эҳсон қилсангиз бу эзгу ишингизни дарров унутинг.
Бу келажакда буюк иқтисодчи ва молиявий магнат бўлиб етишган ўша 17 ёшли ўсмирнинг ҳикматларидир.
Гулчеҳра ЖАМИЛОВА тайёрлади.