Бева денгизчилар, Ой камалаги, қон гуруҳи бир хил халқ

XVIII аср охирлари XIX аср бошларида Буюк Британия Қироллик харбий денгиз флоти кемаларида ҳалок бўлган экипаж аъзоларининг тул қолган хотинлари эрлари ўрнига рўйхатга киритиб қўйилган ва таъминот давом эттирилган.

Бу ўзига хос ижтимоий кафолат бўлиб, денгизчилар вафот этган тақдирда оила аъзолари боқувчисиз қолмаслигидан кўнгиллари тўқ бўлган.

***

Камалакни нафақат Ерда, балки Ойда ҳам кўриш мумкин. Бу Ой юзаси қуёш нурини қайтариши натижасида ҳосил бўлади.

Аммо ушбу ҳодиса инсон кўзига шунчаки оддий ёруғлик бўлиб кўринади. Бироқ фотоаппаратлар Ой камалагини рангли тасвирда акс эттиради.

***

Бразилия ва Боливияда яшаётган ҳиндуларнинг бороро уруғи сони 1600 кишидан ошмайди. Гап уларнинг сонида эмас, бошқа ноёб хусисиятида.

Ушбу қабиланинг барча аъзоларининг қони бир – яъни, биринчи гуруҳ. Шу боис зарур бўлганида ҳар бир киши қабиладошига донор бўлиши мумкин. 

***

Кўпчилик халқларда шундай ирим бор: йўлингизни қора мушук кесиб ўтса, бахтсизлик келтиради. Буюк Британияда эса бунинг тескариси - омад келтирармиш. 

Шотландларнинг иримича, агар уйингиз томида дайди қора мушукни кўриб қолсангиз севинаверинг, сизга бахт кулиб боқар экан.

Тоғаймурод Шомуродов тайёрлади.