Бир оёқ билан 143 кун югурган Терри Фокс жасорати

Канадалик Терри Фокс 1958 йилда туғилган. Унинг болалиги Британия Колумбияси провинциясида ўтди. Мактабда баскетболга қизиққан йигит ўқишини тугатгач, жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлиш умидида ҳужжатларини университетга юбориш нияти бор эди.

Бир куни Терри велосипедда кетаётиб, бошқарувни йўқотди ва тиззасини йўл чеккасида тўхтаб турган юк машинасига уриб олди. Бу унчалик даҳшатли нарса эмасдек туюлди, бироқ кейинчалик унинг тиззаси қаттиқ оғрий бошлади. Ўшанда Виннипег шаҳридаги таълим муассалари ўртасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган баскетбол мавсуми қизғин паллада эди ва ўйинни ўтказиб юбора олмаган етакчи спортчи шифокор ташрифини кечиктирди.

1977 йилда ҳаваскор енгил атлетикачининг оёғи жуда қаттиқ оғриқ бера бошлади. Таҳлиллар йигитда даҳшатли ташхис -  суяк саратони ривожланиб кетганлигини аниқлаб берди. Шифокорлар Терри оёғининг тиззасидан юқоригача бўлган қисмини ампутация қилишга қарор қилишди. Мутахассислар унга протез ўрнатди, лекин касаллик яхшилик билан тугашини кафолат бера олмаган шифокорлар Фокс яқин орада танаси бўйлаб тарқалган касалликдан вафот этишини башорат қилишди.

Шунда Терри онкологик касалликлар тарқалиши бўйича тадқиқотлар қилиш учун маблағ тўплашга бағишланган “Умид марафони” хайрия ташкилоти доирасида океандан-океангача бўлган йўлни босиб ўтишга қарор қилди. Фокс бу саёҳатини 1980 йилнинг апрель ойида оёғини тўғридан-тўғри Атлантика океанига ботириб олиб бошлади. У бу “маросим”ини иккинчи марта Тинч океанида жойлашган Ванкуверга етиб борганида такрорлашга умид қилган эди.

Йигит кунига ўртача 42 километр масофани босиб ўтар, шу билан бирга унинг  касаллиги ҳам  ривожланишда давом этарди. Фақат букилмас ирода кучи ва бахтсизликка учраган биродарларига ёрдам бериш истаги Фоксга таслим бўлишга йўл қўймади. Юзлаб фуқаролар йигитнинг йўлига чиқиб, уни олқишларди ва хайр-эҳсон  қилишарди.

Муайян босқичда ёш қаҳрамон жуда қаттиқ оғриқни бошдан кечира бошлади, лекин у тўхтамади. Шифокорлар ва пойга ташкилотчиларининг узоқ ишонтиришларидан кейингина у сафарини тўхтатишга қарор қилди. Зудлик билан касалхонага ётқизилганида, ташхислар саратон ўпкага етиб борганлигини кўрсатди. Бироз вақт ўтгач, йигит комага тушиб қолди ва “Умид марафони” тўхтатилганидан 10 ой ўтгач, 143 кунда 5373 километрдан ортиқ масофани босиб ўтган Терри 23 ёшида вафот этди.

Терри Фокс омма эътиборини онкология муаммосига қаратишга муваффақ бўлди. 1981 йилнинг февраль ойига келиб, ўша давр учун катта маблағ  - 4 миллион доллардан ортиқ маблағ йиғилди. Ҳозирда ҳам ўнлаб мамлакатларда канадалик йигит шарафига хайрия марафонлари уюштирилади, шунингдек 360 миллион доллардан ортиқ маблағ йиғишга муваффақ бўлган Терри Фокс жамғармаси ҳам фаолият юритиб келмоқда.

Террида бўлган сўнмас ишонч учқуни бошқа саратонга чалинган беморларнинг қалбини ёритишга ёрдам берди. Канаданинг кўплаб шаҳарларида бу бир оёқли югурувчига бағишлаб ўрнатилган ёдгорликлар тақдир адолатсизлигига қарши ҳаёт учун ҳақиқий кураш рамзига айланган.

Б.Муҳаммадиева тайёрлади.