“Бир вақтлар онамнинг жанозасига боролмаган эдим...” Ёхуд “Жартепа” чегара божхона постида нималар ўзгарди?

Ургут туманининг Тожикистон Республикаси билан чегарасида жойлашган “Жартепа” чегара божхона пости икки давлат ўртасидаги муҳим транзит йўлак ҳисобланади. Ундан бир вақтнинг ўзида ҳам халқаро юк ташувчиларнинг автотранспорт воситалари, ҳам фуқароларнинг автомобиллари ҳамда йўловчилар ҳаракатланади.

—  Опам иккимиз Тожикистон Республикасидан Ургут туманига келин бўлиб тушганмиз, - дейди Гулшод Шукурова. – Бир вақтлар чегарадан ўтиб-қайтиш жуда мушкул, айрим ҳолларда имконсиз бўларди. Ҳатто, онам вафот этганда чегарадан ўта олмаганмиз. Ҳозир бу муаммоларни сароб каби эслаймиз. Сабаби, чегаралар очиқ. Истаган вақтимизда қариндошларимизни кўриб қайтяпмиз. Мана, бугун ҳам бетоб бўлган отамизни зиёрат қилдик. Назорат текширувларида ҳеч қандай муаммога дуч келмаяпмиз.

Жараённи ўз кўзимиз билан кузатдик. Яқинда реконструкция қилинган чегара божхона постида ҳар икки томондан келувчи фуқароларга сифатли ва энг асосийси, тезкор хизмат кўрсатилмоқда.

— Белгиланган тартибга кўра, божхонамиз орқали фуқаролар ўртача 10 дақиқа, фуқаро транспорти 15-20 дақиқа оралиғида ҳамда юк автотранспорти 40 дақиқагача ўтказилиши керак, - дейди божхона пости бош инспектори Элдорхон Эсанов. – Айни мақсадда постлар қайта реконструкция қилиниб, транспорт ва йўловчиларни соддалаштирилган божхона назоратидан ўтказиш имконини берувчи техник воситалар билан таъминланди. Хусусан, юк транспортлари Япония ва германиялик мутахассислар томонидан ишлаб чиқилган махсус инспекцион кўрик мажмуадан ўтказилмоқда. Бунда транспорт воситаси сканер орқали текширилиб, умумий жараёнга 45 сония вақт сарфланади. Ҳайдовчилар бунгача ҳам “E-tranzit” божхона ахборот тизими орқали навбат олиши ёки ҳужжатларни расмийлаштиришни амалга ошириши мумкин. Бу уларнинг постдан ўтиш вақтини янада тежайди.

Маълумотга кўра, жорий йилнинг ўтган январ-июль ойларида пост орқали 530 минг нафарга яқин фуқаро ҳамда 34 мингга яқин автотранспорт воситаси ўтказилган. Жараёнда 28 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, 213,9 миллион сўмлик товар ва моддий бойликларнинг ноқонуний транзити тўхтатиб қолинган.

Айтиж керакки, бу ерда экспортчи тадбиркорларга кўмак бериш масаласи ҳам эътибордан четда қолмаган. Улар ўз юкларини хорижга ортиқча текширув ва ҳужжатбозликларсиз ўтказиши, белгиланган тартибда юк олиб кириши мумкин.

— Кир ювиш ускуналарини ишлаб чиқариш фаолиятини 2020 йилда бошланмиз, - дейди “Элите-электро-гроуп” МЧЖ директори Элдор Содиқов. – Айни кунда корхонамизда 60 нафар ишчи ишлайди. Маҳсулотимиз маҳаллий бозордан ташқари, Қозоғистон, Тожикистон, Қирғиз Республикаларига экспорт қилинади. Жорий йил учун хорижий тадбиркорлар билан 1 миллион АҚШ долларига тенг шартнома имзолаганмиз. Шартнома шартларининг ўз вақтида бажарилиши юкларнинг чегарадан ўтказилиши жараёнига ҳам боғлиқ. Бу борада божхона органлари бизга амалий кўмак бериб, қонунчиликдаги ўзгариш ва қулайликлардан ўз вақтида хабардор қилиб боришмоқда.

Асқар БАРОТОВ.