Бировнинг ҳақи. Маънавий қашшоқликдан эҳтиёт бўлайлик
Бозорга бордим яқинда. Ҳар хил кўкатлар олдим. Сотувчи жувон ҳисоблаб, фалон сўм бўлади, деди. Чўнтагимдан пул олиб санагунимча, сотувчи “Кечирасиз, амаки, бунча бўлар экан, мен редискани уч мингдан ҳисоблабман, сизга икки ярим мингдан бераман девдим”, деди. Раҳмат айтиб, кейинги растага ўтдим.
Бодринг, помидор олдим. Сотувчи аёл қанча бўлишини айтди. Пул узатдим, сотувчи пулни санади-да, “Амаки, кўп берибсиз”, деб, ўн минг сўм қайтиб берди.
Бозорига барака тилаб, йўлимда давом этдим.
Бу икки воқеа анчагача хаёлимдан кўтарилмади. Биринчисида гап икки минг сўм, кейингисида ўн минг сўм ҳақида борарди. Албатта, ҳозирги кунда ўн икки минг сўм ҳеч нарса эмас. Бироқ гап ҳозир пулнинг миқдорида эмас, сотувчиларнинг ҳалоллигида, бировнинг ҳақидан қўрқишида, охиратда жавоб бериш оғирлигини англаб етганида.
Бировнинг ҳақи...
Юзаки қараганда жўнгина бир гап. Аммо унинг замирида ниҳоятда теран маъно, жуда залворли юк ётибди. Бировнинг ҳақидан қўрқиш, бировнинг ҳақи бировга буюрмаслигини, юқмаслигини, аксинча, бировнинг бир мисқоли ўзининг ўн, балки ундан-да кўп маблағини суриб кетиши мумкинлигини, топганида барака бўлмаслигини тушуниб етиш маънавий бойликнинг, ахлоқий етукликнинг, охиратдан қўрқишнинг белгисидир. Бундай фазилатларга эга инсон бировнинг бир тийинига ҳам кўз олайтирмайди.
Бугун жамиятимизда шундай одамлар кўплиги, кўпайиб бораётгани кишини қувонтиради. Шулар туфайли жамият ривожланишда, ҳаётимизда, турмушимизда барака бор.
Аммо, афсуски, тарозининг иккинчи палласи тоши ҳам оғирлашиб бораётгандай. Бошқача айтганда, ўша инсофли, диёнатли, бировнинг ҳақидан қўрқадиган, охиратини ўйлайдиганлар қатори на Худодан, на қонундан қўрқадиган, на бандадан уяладиган кимсалар сафи ҳам ошиб бораётгандай туюлади. Чунки деярли ҳар куни вақтли матбуотда, радио-телевидениеда, ижтимоий тармоқларда турли соҳаларда – болалар боғчаларидан тортиб таълимнинг барча бўғинларида, қурилиш, тиббиёт, ҳуқуқ-тартибот, банк, бошқарув тизимларида миллионлаб, миллиардлаб пуллар талон-торож қилингани ҳақида ёзилмоқда. Давлатимиз томонидан коррупцияга қарши кескин чоралар кўрилмоқда, аммо бу иллат урчиши давом этмоқда. Бу ҳолни қандай тушуниш, қанақа изоҳлаш мумкин?! Ўша талон-торож қилинаётган ёки ўзлаштирилаётган пуллар бировники, яъни, халқники-ку. Наҳотки, шу хунук ишга қўл ураётганлар бировнинг ҳақи бировга буюрмаслигини билмаса ёки давлат ўз мулкини назоратсиз ташлаб қўймаслигини тушунмаса?! Йўқ, билади, ҳаммасини билади, жуда яхши тушунади. Фақат нафсини жиловлаб ололмайди. Етти авлодимни таъминлаб қўяман деб ўйлайди шекилли баъзилар. Тоғдай олтин йиғса ҳам Аллоҳ буюрмаса фойдаси йўқлигини ким билмайди? Бунга тарихдан қанча-қанча мисоллар бор. Дунёнинг ярмини эгаллаган Искандар Зулқарнайн тобутимда қўлимни очиб, бармоқларимни ёзиб қўйинглар, токи у дунёга ҳеч нарса олиб кетишнинг иложи йўқлигини одамлар билсин, деб васият қилган. Машҳур рус актёри Юрий Никулиннинг бир гапи бор: “Бахт жуда оддий нарса. Эрталаб хотиним билан қаҳва ичамиз, нонушта қиламиз. Кейин мен ишга кетаман. Циркка бораман. Ўз ишимни қиламан. Кечқурун уйга келаман. Хотиним билан бирга овқатланамиз. Сўнгра мен ухлагани хонамга кириб кетаман. Бўлди...”
Аслида ҳам шундай эмасми?! Ортиқча ҳоё-ҳаваслару молу дунёнинг нима кераги бор? Фарзандларга деймиз, уларни ўйлаймиз. Фарзандларимизнинг бир умрлик эҳтиёжини таъминлаб бера олмаймиз. Уларга ўзини ўзи таъминлашни ўргатишимиз керак. Образли қилиб айтганда, фарзандларимизга балиқ бериш билан кифояланмасдан, балиқ тутишни ўргатмоғимиз зарур...
Нафс қулига айланиб қолаётганларнинг асосий фожиаси, бизнингча, маънавий қашшоқлигида. Ахир, биз не-не буюк зотларнинг, дунёга ўзининг беқиёс илми, саховати, бағрикенглиги билан ном қозонган, жаҳон тамаддунига улкан ҳисса қўшган улуғ алломаларнинг авлодимиз. Буни сира унутмаслигимиз зарур. Иқтисодий қашшоқликдан маънавий қашшоқлик ёмон. Биринчисини қариндош-уруғ, ошна-оғайни ёрдам берса бартараф этиш мумкин, аммо иккинчисини ҳар бир инсоннинг ўзидан бошқа ҳеч ким тузата олмайди. Ҳамма нарсани пул билан ўлчайдиган, пул билан барча нарсани ҳал қилиш мумкин, деб қарайдиганлар кўпайиб бораётганга ўхшайди. Бу хавфли иллат, асорати ёмон “касаллик”. Бунинг олди олинмаса, бу ёндашув бутун жамиятни маънавий қашшоқликка олиб келиши ҳеч гап эмас (Худо асрасин). Маънавий қашшоқ одамда юрт туйғуси, уни асраб-авайлаш, севиш, қадрини юксалтириш деган тушунчалар бўлмайди. Шу боис маънавиятни юксалтириш масаласи билан барча бирдай иш олиб бормоғи зарур. Буни давлатимиз раҳбари ҳам алоҳида таъкидлади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида фаолиятини бошлаган илк кунларданоқ барчадан, биринчи галда турли даражадаги раҳбарлардан аввало ўз маънавиятини, сўнг қўл остидагилар маънавиятини оширишни талаб қилмоқда. (У киши мамлакат бош вазири бўлиб ишлаган йиллари ҳам бу масалага алоҳида эътибор қаратарди). Ушбу масала бўйича қанча фармонлар, қарорлар қабул қилинди. Китобхонликни ривожлантириш чора-тадбирлари ишлаб чиқилди. Жорий йилнинг 19 январида Президентимиз ушбу масалага бағишланган махсус видеоселектор йиғилиши ўтказди, мутасадди раҳбарларга, ҳокимларга аниқ топшириқлар берди. 26 март куни “Маънавий-маърифий ишлар тизимни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, “Маънавият ва ижодни қўллаб-қувватлаш мақсадли жамғармасини ташкил этиш тўғрисида”ги қарорларни имзолади. Ушбу қарорга мувофиқ, маънавий-маърифий ишларни самарали ташкил этиш, жойларда маънавий-маърифий соҳаларни ривожлантириш, Ёзувчилар уюшмаси фаолиятини қўллаб-қувватлаш учун жамғармага 120 миллиард сўм маблағ ажратиладиган бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг 7 апрелдаги “Кино санъати ва саноатини янги босқичга олиб чиқиш, соҳани давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармони ҳам бу борадаги хайрли ишларнинг узвий давоми бўлди. Фармон билан соҳа вакилларига кенг имтиёзлар берилди, моддий ва маънавий ғамхўрликлар кўрсатилди. Бинобарин, аҳолининг маънавий оламини бойитишда кино санъатининг ўрни беқиёс экани барчага кундай равшан.
Бундай ғамхўрлик, бундай моддий ёрдам, қўллаб-қувватлаш қачон бўлган?! Энди ҳамма гап ана шу эътибор ва ғамхўрликдан самарали фойдаланиб, барча тоифадаги аҳоли маданияти, маърифатини ошириш учун таъсирчан чоралар кўришда. Токи инсон фақат қорин ғами билан яшамасдан, ақлни пешлаш, дунёқарашини кенгайтириш, бу дунёда маънавий озуқа деган нарса ҳам борлигини англаш лозимлигини тушуниб етсин. Шунда бировнинг ҳақидан қўрқадиганлар камайса, (улар тамоман йўқ бўлиши қийин) ажаб эмас...
Бировнинг ҳақидан, Аллоҳдан, охиратдан қўрқадиганлар бор бўлсин! Уларнинг сафи кундан-кун кенгайиб бораверсин.
Маматқул Ҳазратқулов,
Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.