Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бировнинг номида яшаганлар

Ҳузуримга бир вақтлар вилоят ташкилотини бошқарган танишим кириб келди. Худбинлиги, манфаатпарастлиги учун ишдан кетганди. Очиғи, пенсия ёшига етганлиги учун аризасини олиб қўя қолишди.

Ўша одам денг, менга арзи ҳол қилди:
- Мол-мулк, пул масаласида оғайниларга ҳам ишонмаслик керак экан, ука, - деди гапни узоқдан бошлаб. – Давлат ишида, ўзингиз биласиз, очиқчасига бирор нарса қилиб бўлмасди. Шунинг учун уёқ-буёқдан топган даромадга шаҳардан битта квартирани қайнимга, битта ҳовлини акамнинг ўғлига расмийлаштириб қўйдим. Иккита жиянимга «Нексия» олиб бериб, такси маршрутига киритдим. Энди ўшалар ҳамма яхшилигимни бурнимдан чиқаришяпти.

- Орангиздан бирор хафачилик ўтгандир-да…

- Қанақа хафачилик, вақтида ҳаммасини уйли, ишли қилдим. Уйимда текин яшаб келишди. Мана, уч йилдирки, улардан ўз мулкимни ололмай овораман. Судлар ҳам улар тарафда.

- Ўшанда жиянлардан бир энлик хат олмаган экансиз-да…

- Э, биродар, ўша пайтда ким ўйлабди дейсиз бунақа бўлишини. Товонимни ўпишганди. Ишдан кетганимдан сўнг ҳаммаси тўнини чаппа кийиб олди. Ҳатто хотиним ўз укасига таъсир ўтказа олмаяпти.

У гапиряпти, менинг эса юрагим оғрийди… «Шунақа нонкўрларни газетага уриб чиқинг, зора инсоф кирса» деганидан сўнг чидаб туролмадим.

- Нима деб ёзаман, бировнинг ҳалол йўл билан топган мулкини оғайнилари олиб қўйишди, дейманми?

- Барибир, пулини мен тўлаганман, шахсий мулким.

- Агар шу жиянларингиз «Бизнинг тоғажонимиз давлат идорасида раҳбар чоғида ҳаром пул эвазига шунча мулк жамғарган, кўриб қўйинглар», деб прокуратурага ёзиб беришса нима бўлади?

У мендан хафа бўлди, жаҳл билан чиқиб кетди. Бу ҳолат мен учун янгилик эмас, чунки мол аччиғи - жон аччиғи, дейишади. Бундан ташқари, бу нопок (яхшиям, собиқ) раҳбарнинг мафкурасини яхши биламан: имкони борида ғамлаб ол, дейдиганлардан.

Бир танишим бор, ички ишларда ишлаган. Ҳовлисининг ёнидан ҳашаматли иморат кўтарган. Ўшанда гап-сўздан қўрқиб уйни синглисининг номига расмийлаштирган. Ака-сингил беш йилдан бери судлашади, бири қўйиб, бири ёзади. Ака уй қурган усталардан пулини мен тўлаганман, деб тилхат олиш билан овора. Сингил эса акам шаҳардаги хотинчаси билан яшайверсин, болаларим катта бўлди, уларга уй керак, деб оёқ тираб олган.

Ваҳоланки, яширишга қанча уринишмасин, қўлини боғласанг, текин пулни оёғи билан ўзига тортадиган масъулларнинг қинғир ишини ҳамма биларди. Гарчи билишса-да, азбаройи раҳбар бўлгани учун ходимлар андиша қилиб айтмайди, ўз раҳбарининг нопоклигидан кулиб юришади.

Яна бир ҳолат эсимдан чиқмайди. Маъмурий идорада яхши танишим бор эди. Биргаликда қонунлар тарғиботи бўйича тадбирлар ўтказганмиз. Уни касбининг фидойиси сифатида ҳурмат қилардим, аммо…

У нафақага чиққач, ярим йил ичида катта тўйхона қурди, бундан ташқари шаҳар йўналишида 10 та автобуси, 4-5 та «пайнет» дўкони борлиги маълум бўлди. Давлат эса уни ҳурмат билан нафақага кузатди, тағин яхшигина пенсия беради.

Биламан, ҳурматли ўқувчи, сиз менга шу ҳолатни янгилик деяпсизми, деб таъна қиляпсиз. Бундай кимсаларни ҳар бир идорада учратиш мумкин эди. Амалидан фойдаланиб, айрим ноинсофлар қанчалаб идора ва биноларни хусусийлаштириб олди. Биз эса жим турдик, ҳатто айрим ёшлар шундай яшаш керак экан-да, деган фикрга боришди. Жамият учун ана шу кайфият энг хавфли иллатдир.

Ҳозир жамоатчилик фаол, илгари кўчанинг гапи сифатида беэътибор қаралган маълумотлар ўз исботини топиб, кўплаб суиистеъмолликлар, порахўрликлар фош этиляпти. Ўқув юртларидаги пул йиғишларга барҳам берилмоқда. Тадбиркорларни ҳимоя қилишдаги чора-тадбирлар аҳолининг сиёсатимизга ишончини уйғотмоқда, кучайтирмоқда.

Минг афсуски, барча жабҳаларда ошкоралик, адолат ва қонун устуворлигини қарор топтириш учун ҳаётий ҳаракатлар давом этаётган бир пайтда давлат берган имтиёзларни суиистеъмол қилаётган, жиғилдон васвасасидан қутула олмаётган раҳбарлар ҳозир ҳам учраб турибди.

Яқинда нуфузли ташкилотлардан бирининг ходими нолиб қолди.

- Раҳбаримиз ташкилотимиз фаолиятига яқин фирма очиб олган. Кўп маҳсулот ва хизматларни ана шу орқали олдиради ёки амалга оширади. Идораларимиз ёнидан «пайнет»лар очиб олган. Ҳар ҳафта пулларни жарақ-жарақ санаб олади. Тағин давлатнинг курсисида ўтирипти.

Энди ўз-ўзидан савол туғилади: бундай гумроҳ раҳбарлар ўз жамоасида ҳалоллик, демократия ҳақида гапира олармикан? Мабодо гапирганда ҳам кимни ишонтиради?

Бугуннинг шиори битта: ҳар бир раҳбар фаолиятига халқ баҳо берсин! Одамлардан ҳеч нарсани яшириб бўлмайди – улар ҳаракатимиздан, ҳатто ўй-хаёлимиздан ҳам хабардор. Шундай экан, масъулиятни бир лаҳза ҳам унутишга ҳаққимиз йўқ. Ҳеч бўлмаганда, бир пайтлар амалда чоғида ҳаром даромадидан бировнинг номига мол-мулкини расмийлаштирганларнинг аянчли аҳволи бизга сабоқ бўлсин.

Фармон Тошев,
сенатор.