Битирувчилар ҳоким билан фикрлашди, таклиф айтди, муаммосига ечим излади
Хабар берганимиздек, ёшлар фестивали доирасида бўлиб ўтган ''Ҳоким ва битирувчи ёшлар учрашуви''да олий таълим муассасалари битирувчиларининг ишга жойлашиш масаласида юзага келаётган муаммоларга ечим изланди.
Унда вилоят ҳокими битирувчи, корхона ва ташкилотлар ҳамда олийгоҳлар ўртасидаги уч томонлама шартнома тизими ўзини оқламаётгани, бу муаммони вақтинча яшириб туришгагина хизмат қилаётганини айтди.
- Учрашувда бир неча таклиф ва саволларимни ўртага ташладим, - дейди СамДУ битирувчиси Моҳинур Рўзиева. - 4 йилдан бери ''Ўзбекистон хотин-қизлари: Ўтмиш ва бугун'' мавзусида илмий изланиш олиб боряпман, яъни гендер тенглик масаласида. Таклифим ҳам шу мавзуда эди. Масалан, виооятимизда хотин-қизлар орасида раҳбарлар кам. Шу масалага алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини сўрадим. Ҳоким ҳақиқатан ҳам бошқа вилоятларга нисбатан бизда аёл раҳбарлар камлигини айтди. Бу бўйича вилоятда тенг имкониятлар яратилаётганини таъкидлади. Шахсан мени вилоят ҳокими ўринбосари Зебо Раҳмоновага "Устоз-шогирд" анъанаси бўйича бириктирди.
Тадбирда вилоят ҳокими битирувчиларни ишга жойлаштириш бўйича платформа яратиш таклифини берди.