Битта ғишт қўйдингми майдонларига?
Бугун таниқли ёзувчи ва шоир, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист Абдусаид Кўчимов таваллуд топган кун.
А.Кўчимов 1951 йил 15 май куни Ургут туманида туғилган.
1972 йил Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтининг ўзбек тили ва адабиёти факультетини тамомлаган.
Меҳнат фаолиятини «Ўқитувчи» нашриётидан бошлаган. Кейинчалик "Ленин учқуни" газетасида, “Шарқ юлдузи” журналида, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси раиси ва бошқа қатор масъул лавозимларда ишлаган.
Йигирмага яқин шеърий ва насрий китоблари чоп этилган.
2017 йилдан Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги Бош директори лавозимида ишлаб келмоқда.
«Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист» унвони, «Меҳнат шуҳрати» ордени ҳамда «Шуҳрат» медали билан тақдирланган.
***
БОБОЛАРИ
— Э, бу фалончининг набирасими?
Бобоси мард эди, бағри кенг, ўктам.
Унисиникини… эслаёлмадим,
Биз ҳам қариб-чуруб қолдик-да, бўтам.
Қаранг, кетганига юз йил бўлса ҳам
“Фалончи” бобомиз ўлмаган эди.
“Униси” дунёни тарк этганига
Ҳали икки йил ҳам бўлмаган эди…
ЎЗБЕК НЕГА УХЛАМАЙДИ?
Ҳазил
Ўзбегимнинг тантанаю тўйлари кўп:
Югур-югур шому саҳар тўхтамайди.
Ярми бедор — элу юртга ош берай деб,
Ярми эса — ош ейман деб ухламайди.
ТИЛАК
Тоабад порласин кўзинг — юлдузинг,
Ҳамиша бек бўлгин ўзингга ўзинг.
Майли, бу дунёга тўйсанг тўй, фақат,
Фақат гўзалликка тўймасин кўзинг.
ЖАВОБ
Бир ниҳол экдингми Ватан боғига,
Меҳрингни тўкдингми чўл, янтоғига,
Гулларга чанг-ғубор қўнган чоғида
Арта билолдингми чанг-у ғуборни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Битта ғишт қўйдингми майдонларига,
Бир васса ўйдингми айвонларига,
Бир мисра қўшдингми достонларига,
Кураб ташладингми томлардан қорни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Кимдир узиб кетса дилбар гулларни,
Кимдир бузиб кетса сарвар йўлларни,
Кимдир эзиб кетса музтар дилларни,
Дуосин олдингми меҳрга зорни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Уруш-жанжалларга хамиртурушлар,
Иллатфурушлар-у, миллатфурушлар,
Афиф осмонингга қилса хуружлар,
Ҳосуд ҳақирларга тикдингми дорни –
Десалар, юртдошим, жавобинг борми?
Жавобинг бўлмаса мумтоз-мукаммал:
Қўлингда зулфиқор, белингда камар,
Дулдул тулпорингга ёр бўлса қамар —
Йўлдошинг сабъаи сайёр бўлади,
Муқаддас жавобинг тайёр бўлади.
Акрам Ҳайдаров.