БМТ Бош котиби COVID-19 инфекциясига қарши курашишда мамлакатларни келишмовчиликларга барҳам беришга чақирди

БМТ Бош котиби Антониу Гуттереш барча мамлакатларни келишмовчиликларга барҳам бериб, коронавирус билан курашиш учун бирлашишга чақирди.

У сўнгги 75 йил давомида учинчи жаҳон уруши бўлмаган бўлса-да, дунёнинг турли бурчакларида қуролли тўқнашувлар давом этаётганини таъкидлади.

“Мен илгаригидек барча мамлакатларни қуролли тўқнашувларга барҳам беришга чақираман. Биз умумий душманимиз - COVID-19га эътиборимизни қаратишимиз зарур”, деди БМТ Бош котиби РИА Новостига берган интервьюда.

Шунингдек, Бош котиб коронавирус билан боғлиқ бўлиб турган вазият жуда жиддий экани ва бу масала жиддий ёндашув талаб этишини таъкидлади.

Пандемия билан курашиш учун энг муҳим омил - бу бирлашув, ҳукумат раҳбарлари ва одамларнинг бирлашуви эканлигини алоҳида қайд этди Гуттереш.