БМТ дунёга хавф солаётган очарчилик ҳақида огоҳлантирди
Бирлашган миллатлар ташкилотининг озиқ-овқат таъминоти дастури ижрочи директори Дэвид Бизли агар озиқ-овқат таъминоти хавфсизлиги чоралари кўрилмаса, коронавирус пандемияси оқибатлари дунё бўйлаб оммавий очарчиликларга олиб келиши мумкин эканлиги ҳақида огоҳлантирди.
“Агар ҳозирданоқ тайёргарлик кўрмасак ва ҳаракат қилишни бошламасак, биз бир неча ойдан сўнг муқаддас китобларда таърифланган очарчиликка дуч келамиз”, дея ташкилот (БМТ) сайтида унинг сўзлари келтирилган.
Бунинг олдини олиш учун Бизли бир қатор таклифлар киритди. У қуролли ҳаракатлар олиб бораётганлардан инсонпарварлик ёрдами ортилган юкларни ҳудудлардан хавфсиз ўтиб кетишини таъминланишини сўради. Шунингдек, юкларнинг дунё бўйлаб ҳаракатланишини таъминлайдиган логистик тармоқлар маркази ташкил этилишига 350 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ зарур бўлишини таъкидлади.
- Энг аввало, бизга тинчлик керак, қуролли тўқнашувлар тўхташи лозим, - деди БМТ озиқ-овқат таъминоти дастури раҳбари.
Бироз илгари БМТ озиқ-овқат таъминоти дастури мутахассислари 2020 йилнинг охирига бориб дунёда 130 миллионга яқин одамни очарчиликка дучор бўлиш эҳтимоли юқори эканлигини таъкидлаган эди.