Божхоначилар огоҳлантиради: Пиротехник воситаларнинг ҳар қандай турини ишлатиш тақиқланган

Ҳурматли фуқаролар!

Мамлакатимизда пиротехниканинг ҳар қандай тури маиший ишлатиш учун тақиқланган. Айниқса, бу матоҳ фавқулодда ҳодисалар, жумладан, ёнғин келтириб чиқариши, одамларга оғир жароҳат етказиши мумкин.

Шуни айтиш лозимки, яқинлашаётган қиш мавсумида, қолаверса, янги йил байрами арафасида пиротехника воситаларидан фойдаланмаслик содир бўладиган кўплаб нохушликларнинг олдини олади. Бунда ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари қаторида ҳар бир ота-она, маҳалла-кўй, таълим муассасалари мутасаддилари бирдек масъул.

Таъкидлаш жоизки, пиротехника буюмларини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш, мамлакатимизга олиб кириш, ташиш, сақлаш ва сотиш тақиқланган. Бундай ҳаракатлар учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 185(1)-моддаси ҳамда Жиноят кодексининг 250(1)-моддасида тегишли жавобгарлик ва жазо чоралари белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, агарда атрофингизда ёки кўча-куйда пиротехника савдоси билан шуғулланаётганлар бўлса, Самарқанд вилояти божхона бошқармасининг (66)233-63-00 рақамли “Ишонч телефони”га мурожаат этишингиз мумкин.

Ҳурматли самарқандликлар, Сизнинг вилоят божхона бошқармасига келиб тушган мурожаатларингиз жавобсиз қолдирилмайди.

Самарқанд вилояти божхона бошқармаси ахборот хизмати.