Болага бир яхшилигимиз ўн яхшилик бўлиб қайтади
Самарқанд шаҳридаги 1-меҳрибонлик уйи. Шаҳар марказида жойлашган кўркам маскан. Мўъжазгина боғи, ўйин майдонлари, дам олиш жойлари, катта-кичик бинолари бўлган каттагина ҳовли. Бу ҳовлида 100 нафарга яқин бола бир оила аъзоларидек яшайди. Мураббий ва тарбиячилардан сабоқ олади.
Одатда, Меҳрибонлик уйлари ҳақида гап кетганда кўпчилик бу масканларда ота-онасидан айрилган ёки улар томонидан ташлаб кетилган болалар таълим-тарбия олади, деб ўйлайди. Бунга узоқ йиллар “болалар уйи” ёки “детдом” деган тушунчалар сабаб шаклланган дунёқарашимиз, кўрган-кечирганларимиз асос бўлар балки. Лекин бу хулосамиз унчалик ҳам тўғри эмас.
Меҳрибонлик уйи мактаб интернат эмас
– Иш фаолиятимни 2010 йилда 6-меҳрибонлик уйида бошлаганман, – дейди Самарқанд шаҳридаги 1-Меҳрибонлик уйи директори Мавжуда Фахрутдинова. – Дастлабки кунлари болаларга қараб юрагим эзилиб, роса йиғладим. Қандай бағритош ота-оналарки қалб қўридан яралган боласини шундай муассасаларга ташлаб кетади, уларда юрак борми, деб ўзимга ўзим савол берардим. Ҳафтанинг охирига бориб, болалар анча камайиб қолди. Уларнинг ҳаммаси ҳам етим эмас экан, ота-оналари келиб, олиб кетишди ва душанба куни яна келтириб қўйишди. Ана ўшанда Меҳрибонлик уйидаги ҳамма болалар ҳам етим бўлмаслигини билганман. Шундан кейин ҳар бир боланинг оиласи билан қизиқдим. Ота-онаси бор болаларнинг уйига бориб, улар билан суҳбатлашдим. Нима сабабдан боласини Меҳрибонлик уйига берганини сўраганимда уларнинг кўпчилигидан “боламни “детдом”га эмас, мактаб-интернатга берганман” деган жавобни эшитганман. Бундай ота-оналарга Меҳрибонлик уйи ва мактаб-интернат нима эканлигини, бола оила муҳитида таълим-тарбия олиши муҳимлигини тушунтирганмиз. Шу тарзда 2011 йилда 67 нафар болани оиласи бағрига қайтардик. Ўша пайтда Самарқанд шаҳрида тўртта Меҳрибонлик уйи бўларди. Уларда тарбияланаётган болаларнинг маълумотларини таҳлил қилиб шунга гувоҳ бўлганмизки, фақатгина чин етимлар ва ҳақиқатда шундай масканларда яшашга муҳтожларини ҳисоблаганимизда битта Меҳрибонлик уйи кифоя қиларди. Мана бугун шундай – Самарқандда битта бизнинг муассасамиз қолган. Лекин биздаги болаларнинг ҳам 6 нафаригина чин етим. 67 нафари ҳаётнинг турли зарбалари туфайли оиласи пароканда бўлган болалар, яъни ижтимоий етим. 19 нафари кам таъминланган оилалар фарзанди.
Фарзанд – оила қувончи, ота-она орзу-умиди. Ҳар бир бола ота-онаси меҳрини ҳис қилиб, оила бағрида улғайиши, ҳаётни таниши керак. Аммо ҳаётнинг паст-баланди, синовлари кўп. Турли сабаблар билан ота-онасиз, етим бўлиб қолган болаларга давлат томонидан эътибор ва ғамхўрлик кўрсатилади, уларнинг бошқа тенгдошларидан кам бўлмай камолга етишлари учун шарт-шароит яратилади. Аммо бу фақатгина боланинг моддий таъминоти, яъни еб-ичиши, кийим-кечагини таъминлаб қўйиш, дегани эмас. Унинг таълим-тарбияси, руҳияти, ҳаётда ўз йўлини топиши учун ҳам қайғуриш, меҳр-муҳаббат кўрсатиб улғайтириш керак.
Бирорта бола “етимман” деб ўксинмайди
Жорий йилнинг 28 июль куни ногиронлиги бўлган, ота-она қарамоғидан маҳрум ва етим болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашни кенгайтириш ҳамда ижтимоий нафақаларни такомиллаштириш масалалари бўйича ўтказилган видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари бу борада янгича тизим жорий этилишини таъкидлади.
Юртимиздаги Меҳрибонлик уйлари ва Болалар шаҳарчаларида яшаётган болалар таълим-тарбиясига Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси масъул бўлиши белгиланди. Меҳрибонлик уйларидаги болаларни оилага яқин муҳитда тарбиялаш, оилавий болалар уйлари ташкил этган ва етим болаларни ўз қарамоғига олган оилаларга бир қатор имтиёзлар берилиши таъкидланди.
Йиғилишда ота-онаси ёки қариндошлари бўла туриб Меҳрибонлик уйларида тарбияланаётган болаларни уларнинг оиласига моддий ёрдам бериш орқали яқинлари бағрига қайтариш мумкинлиги айтилди.
Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тизимини жорий этишга оид бу каби чора-тадбирлар Президентимизнинг 9 август куни қабул қилинган иккита муҳим қарорида ўз аксини топди.
– Давлатимиз раҳбари томонидан ўтказилган йиғилиш ва қабул қилинган қарорлар юртимизда ҳаётнинг турли синовлари сабабли етим ёки ота-она қарамоғидан маҳрум бўлиб қолган болаларни баркамол инсонлар этиб ўстириш, уларга давлат томонидан ғамхўрлик кўрсатишда янги даврни бошлаб берди, десак муболаға бўлмайди, – дея сўзида давом этади Мавжуда Фахрутдинова. – Икки ҳужжатда ҳам тизимни янгича асосда ташкил этиш бўйича муҳим вазифалар белгилаб берилди. Бирорта боланинг “мен етим ёки ногиронман” деб ўксинмаслиги учун барча шарт-шароит яратилиши, уларнинг касб-ҳунар ўрганиши, олий маълумот олиши ва ишга жойлашиши, уй-жой билан таъминланишининг ҳуқуқий асослари яратилди.
Йиғилишдан сўнг, Миллий гвардия Самарқанд вилояти бошқармаси масъуллари келиб, муассасамиз фаолиятини ўрганди ва давлатимиз раҳбари томонидан белгилаб берилган вазифалар ижросига киришилди. Болалар таълим-тарбиясига масъул сифатида Миллий гвардиядан Жамшид Қўчқоров менга ўринбосар сифатида иш бошлади. Иккита психолог бириктирилди. Шу пайтгача иккита – шашка ва оғир атлетика тўгарагимиз бор эди, яна 7 та спорт тўгараклари фаолияти йўлга қўйилди ва бу машғулотларни ҳам Миллий гвардия ходимлари ўтмоқда. Республика Бош прокуратураси ва вилоят прокуратураси ёрдами билан миллий кураш тўгараги очилди. Болаларимиз учун зарур спорт жиҳозлари ва кийимлари олиб берилди.
Қисқа вақт давомида болаларимиз Миллий гвардия вилоят бошқармаси ва унинг тизимидаги спорт секцияларига, дала ўқув майдонига саёҳатга олиб борилди. Ходимларнинг ўзлари келиб улар билан маърифий, спорт тадбирлари ўтказяпти.
Тарбияланувчиларнинг 60 нафари ўғил болалар бўлгани учун улар тарбиясида эркак кишининг ўрни жуда муҳим. Ўтган йил тажриба сифатида уч нафар эркак тарбиячини ишга қабул қилгандик. Бу болалар юриш-туриши, тарбиясига ижобий таъсир кўрсатди. Шунинг учун Миллий гвардия ходимларининг биз билан ҳамкорликда ишлаши болаларимизнинг руҳан ва жисмонан етук инсонлар бўлиб улғайишига ёрдам беради.
21 нафар битирувчининг 17 нафарига уй берилади
Меҳрибонлик уйида болалар 3 ёшдан 18 ёшгача таълим-тарбия олади. Мактабни битирганидан сўнг, улар турар жой билан таъминланиб, мустақил ҳаёт бошлайди.
– Болаларимиз кўпинча, ана шу дамда жамиятда ўз ўрнини топишга қийналади, – дейди Мавжуда Фахрутдинова. – Сабаби аксарияти олий ўқув юртига ўқишга киролмайди ёки кирганда ҳам ўқишга имконияти бўлмайди. Қўлида тайинли касб-ҳунари бўлмаганидан кейин буям катта муаммо туғдиради. Энг ёмони уй-жой масаласи. Шу пайтгача уларга асосан, ётоқхонадан ҳаммасига битта кўп қаватли уйдан хоналар ажратиларди. Натижада улар яна бошқалар билан муомала-муносабатга киришиш ўрнига ўз қобиғига ўралиб қоларди. Энди, аввало, улар Меҳрибонлик уйида чоғида бирор касб-ҳунарга ўқитилади, олий ўқув юртида қўшимча давлат гранти асосида ўқийди, стипендиясига 50 фоиз қўшиб берилади. Ишга жойлашишда ҳам бир қатор имтиёзларга эга бўлади. Энг муҳими, улар 18 ёшга тўлган йилда кўп квартирали уй-жойлардан бир хонали хонадонга эга бўлади. Бу хонадонларни ажратишда ҳам барча омиллар ҳисобга олинди.
Жорий йилда бизнинг муассасамизда яшаётган ёшларнинг 21 нафари мактабни битириб, олий ўқув юртига ўқишга кириш учун ҳужжат топширди. Ҳозирча, 7 нафарининг талаба бўлгани аниқ бўлди. Бошқаларига ҳам омад кулиб боқишига ишонамиз. Шу пайтача 2 нафар битирувчимизга Самарқанд шаҳри ва Жомбой туманидан уй ажратиб берилди. Яна 16 нафари 1 октябрга қадар ўз уйига эга бўлади. Тўрт нафар етим боланинг ота-онасидан қолган уй-жой борлиги сабабли уларга бу хонадонларни таъмирлашга ёрдам берилади.
Тарбиячилар оилавий болалар уйи очмоқчи
Меҳрибонлик уйи раҳбари Президент иштирокида ўтказилган видеоселектор йиғилишидан сўнг муассасанинг икки нафар тарбиячиси – М.Раҳимова ҳамда Ф.Нарзиева оилавий болалар уйи очиб, 5 нафардан ўғил-қизларни ўз тарбиясига олмоқчи эканлигини айтди. Айни пайтда улар шу эзгу иш ҳаракатида экан.
Ҳа, яна бир гап. Ҳозирда муассасадан бола асраб олиш истагини билдириб, рўйхатда турганлар 200 нафарга яқинлигини айтишди. Бағрикенг, болажон халқмиз. Етимнинг бошини силаш, унга меҳр-оқибат кўрсатиш халқимизга хос юксак инсоний фазилатлардан саналади. Бир болага етти маҳалла – ота-она, деган гап ҳам бежиз айтилмаган. Шу юртда, жамиятда яшаётган ҳар бир боланинг, у кимнинг зурриёди бўлишидан қатъи назар, келажагига бефарқ бўлмай, унга меҳр-эътибор кўрсатсак, нафақат уларни турли ёт ғояларлар таъсиридан асраган бўламиз, балки ёш авлод олдидаги инсоний бурчимизни ҳам адо этган бўламиз. Қолаверса, давлатимиз раҳбари таъкидлаганидек, фарзандларимизга қилган ҳар бир яхшилигимиз ўн яхшилик бўлиб қайтади.
Ғ.Ҳасанов,
А.Исроилов (сурат).