Болалар ҳақидан қўрқмайсизми?

Бугун мактабгача таълим тизимидаги қонунбузилиш ҳолатларини кўриб, эшитиб, ногоҳ ушбу саволлар кўнглингиздан ўтади. Ўрганишлар шуни кўрсатадики, боғчаларда болаларнинг ҳақига хиёнат қилиш, йўлланмасиз тарбияланувчиларни қабул қилиш, бюджет маблағларини ўзлаштириш каби ҳолатлар кўп учрамоқда.

 2021 йилнинг 3 ойида вилоят мактабгача таълим тизимида фаолият юритаётган 51 нафар мансабдор ва масъул ходимлар содир этган жиноятлари учун жиноий жавобгарликка тортилган. Уларнинг 29 нафари бюджет маблағларини ўзлаштириш, 5 нафари фирибгарлик, 3 нафари пора олиш, 1 нафари мансабга совуққонлик билан қараш ҳолатини келтириб чиқарган. 2020 йилда вилоят бўйича 154 нафар давлат мактабгача таълим ташкилоти раҳбарларига интизомий жазо чораси қўлланилган.

Вилоят ҳокимлиги, вилоят прокуратураси, бандлик, маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш ҳамда мактабгача таълим бошқармалари ҳамкорликда ўтказилган таҳлилий ўрганишлар давомида Жомбой туманида инвестиция дастури асосида реконструкция қилиниб, ишга тушиш арафасида турган боғчага кадрларни саралаш ва танлашда боғча мудираси коррупцион ҳолатга йўл қўйган. Боғча раҳбари болаларга сифатли таълим-тарбия берадиган, маълумотли педагог кадрларни эмас, аксинча айтган пулини бера оладиган ходимларни танлаган.

Самарқанд шаҳридаги боғчалардан биридаги ҳолат бундан-да аянчли. Боғча мудираси ходимни ишга қабул қилиб, лекин ҳали вакант жой йўқлигини айтиб, ходимнинг ойлик маошини унга бермай ўзлаштирган. Амалда ишламаган ходимларга ҳам иш ҳақи ҳисоблаб, бюджет маблағларини талон-торож қилган. Эътиборлиси, мазкур боғчанинг олдинги мудираси ҳам ноқонуний фаолияти туфайли жиноий жавобгарликка тортилган эди. Кейин танланган мудира бундан хулоса қилиш ўрнига, шундай ҳолатга йўл қўйган.

Йўлланмасиз болаларни қабул қилинаётган ҳолатлар ҳам аксарият боғчаларда учрайди. Уларнинг бадал пули мудиранинг ҳамёнига тушади. Рўйхатда бўлмаган бола ўз-ўзидан бошқа тарбияланувчиларининг ош-нонига шерик.

Вилоят мактабгача таълим бошқармаси бу каби ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида семинарлар ташкил этяпти. Мактабгача таълим ташкилотлари раҳбарлари ота-оналар олдида қасамёд қиляпти. Сектор раҳбарлари томонидан боғчалардаги камчиликлар ўрганилмоқда. Мактабгача таълим бўлимлари томонидан “Биз болалар ҳақига хиёнат қилмаймиз!” деб мурожаатномалар қабул қилинди.

Кузатганимиз биргина Каттақўрғон туманидаги боғча раҳбарлари “Боланинг ҳақига хиёнат қилмайман” дея ўз хоҳиши билан лавозимидан озод этилди. Яна бир боғчанинг хўжалик ишлари мудири ҳам шу йўлни тутди. Мақсадимиз бошқа туманларда ҳам мудираларни ҳушёрликка, касбига масъулият билан  ёндашишга чорлаш. Аслида ҳаётдаги энг ёмон хиёнат боланинг ҳақига хиёнатдир. Унинг уволи ёмонлигини вақтида англамоқ эса яхши ҳолат.

“Давлат боғчаси шахсий мулким”, деган ғайриодатий қарашларга, ота-оналардан ноқонуний пул йиғимлари, қариндош-уруғчилик ва таниш-билишчилик (битта боғчада синглиси, опаси, холаси, ҳаттоки турмуш ўртоғи ва ҳ.к.лар ишлаши) ҳолатларига барҳам бериш вақти келди.

Самарқанд вилоят мактабгача таълим бошқармаси ахборот хизмати.