Болаларни зўравонлик ва куч билан “тарбиялайдиган” ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш механизми ишлаб чиқилиши мумкин

Ижтимоий тармоқларда Самарқанд вилояти шифохоналаридан бирида содир бўлган воқеа, яъни она ўз касалманд боласини аёвсиз калтаклаётгани тасвирланган видео барчани ларзага солди. Бу бизга маълум бўлган ҳолатлардан бири холос. Лекин, тўрт девор орасида яширинча содир бўлаётган ҳолатлар ҳам бор эканини барчамиз биламиз. Афсуски, жамиятда бефарқлик кайфиятининг борлиги сабаб, болаларга нисбатан қилинаётган зўравонлик ҳолатларига қўл силтаб, “менга нима” қабилида иш кўрадиганлар ҳам йўқ эмас.

Мазкур Самарқанд вилоятидаги шифохонада содир бўлган ҳолатни олсак, палатада она боладан ташқари камида икки нафар шахс бор эди. Уларнинг шовқинини касалхона ходимлари ва шифокорлар эшитишмадими? Нега дарҳол болани она қўлидан тортиб олиб, тегишли ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига мурожаат қилинмади?

БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвeнциясининг 19-моддасида иштирокчи-давлатлар болани жисмоний ва руҳий зўравонликнинг, ҳақоратлаш ва суиистеъмолликлар, ғамхўрлик кўрсатмаслик ёки бепарволик билан муомалада бўлиш, қўпол муомала қилиш ёки ота-она, қонуний васийлар ёки бола ҳақида ғамхўрлик қилувчи ҳар қандай бошқа шахс томонидан эксплуатация қилиш, жумладан, шаҳвоний суиистеъмолликлар содир этишнинг ҳар қандай шаклларидан ҳимоялаш мақсадида жамики зарур қонуний, маъмурий, ижтимоий ва маърифий чора-тадбирларни кўриши кераклиги белгиланган.
Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 10-11 моддаларига мувофиқ, давлат болани зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан ҳимоя қилинишини амалга оширади.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш унинг ота-онаси, ота-онасининг ўрнини босувчи шахслар, қонунда назарда тутилган ҳолларда эса васийлик ва ҳомийлик органи, прокурор, суд томонидан амалга оширилади.

Бола ота-она ва ота-онанинг ўрнини босувчи шахслар томонидан қилинадиган суиистеъмолчиликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга.
Боланинг ҳаёти ёки соғлиғига хавф туғилганидан, унинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлигидан хабардор бўлган шахслар бу ҳақда бола ҳақиқатда турган жойдаги васийлик ва ҳомийлик органига маълум қилишлари шарт. Шундай маълумотлар олинган тақдирда, васийлик ва ҳомийлик органи боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича зарур чоралар кўриши шарт.

Амалдаги қонунчиликда шунча нормалар бўлишига қарамай болалар барибир азият чекишяпти. "Ота-оналар"нинг зўравонликка йўл қўйиши, фарзандига нисбатан қўпол ва шафқатсиз муомала қилишлари – кечириб бўлмас хато. Ҳар бир киши қонунлар билан белгиланган масъулиятини ва мажбуриятини зиммасига олишга ва уни бажаришга мажбур.

Акс холда давлат болаларни зўравонлик ва куч билан “тарбиялайдиган” ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш механизмини ишлаб чиқишга мажбур бўлади. Болалар озор чекмаслиги учун Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ушбу таклифни илгари суради ва буни тўғри деб ҳисоблайди.
Одамлар охир оқибат жамиятимз ҳам болаларга нисбатан зўравонликка йўл қўйилмаслигини ва бу асло қабул қилинмаслигини эълон қилиши керак.

Боланинг бегонаси бўлмайди. Шундай ҳолатга дуч келдингизми дарҳол чора кўринг. Жамоатчилик назоратининг кучи фақат ижтимоий тармоқларга тарқатиладиган видеолардан кейингина ишлаши керак эмас. Болалар учун ҳар биримиз масъулмиз!

Алия Юнусова
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил.