Бўлғуси журналистлар “Маҳорат мактаби”да тобланди
Вилоят Матбуот уйида “Ҳудудий оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш ҳамда босма нашрларни бошқаришда муҳаррирнинг ўрни ва роли” мавзусида семинар ўтказилди.
Тадбирда вилоят, шаҳар ва туман газеталари муҳаррирлари, телевидение, газеталар ва интернат сайти мухбирлари, Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳузуридаги “Маҳорат мактаби” тингловчилари иштирок этди.
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси вилоят бўлими ҳамда вилоят ахборот ва оммавий коммуникациялар бошқармаси ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда дастлаб “Маҳорат мактаби”нинг 18 нафар тингловчисига сертификат топширилди.
Тақдирлаш маросимида вилоят ҳокимининг ўринбосари Х.Очилов, Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Ф.Тошев, уюшманинг вилоят бўлими раиси А.Ҳайдаров мазкур мактаб “Зарафшон” мактабининг давомчиси эканлиги, кўплаб профессионал ёш журналистлар қалами шу ерда чархлангани алоҳида эътироф этишди.
- Самарқанд давлат университетининг психология ва ижтимоий-сиёсий фанлар факультетида таҳсил оламан, - дейди тингловчилардан бири Жасурбек Шукуров. – Журналистика соҳаси, айниқса, газета фотомухбирлигига қизиқаман. Шунинг учун дарсдан кейин “Маҳорат мактаби”га қатнадим. Бу ерда олган амалий сабоқларимиз университетда олган назарий дарсларимиз билан уйғунлашиб, журналистика нима эканлигини англадик. Дастлаб, “Миллий матбуотимиз тарихи ҳамда унинг ҳозирги жамиятдаги ўрни ва роли” хусусида тажрибали журналист, уюшма вилоят бўлими раисининг дарс машғулоти, дарсдан кейин “Самарқанд матбуот музейи”га қилган саёҳатимиз бизга жуда кўп маълумотларни тақдим этди. Олти ой давомида кўп маълумотларга эга бўлдик, ўқиб ўргандик.
Дарҳақиқат, тингловчиларга машғулотлар ўтаётган журналистлар соҳанинг ривожланиши ва бугуни ҳақида, бадиий-публицистик жанрлар: лавҳа, очерк тайёрлаш, нотиқлик ва нутқ маданияти тўғрисида ўз билим ва тажрибалари билан ўртоқлашди. Масалан, филология фанлари номзоди, тилшунос олим Толиб Жўраев, “Зарафшон” газетаси махсус мухбири Гулруҳ Мўминова, тажрибали журналист Абдуғафур Шерхолов мақола ёзишнинг ўзига хос жиҳатларини бугунги журналистикага боғлаган ҳолда тушунтириб берди.
- Машғулотларда талаба-тингловчиларга мақола ёзиш ҳам осон, ҳам машаққат экани, бу жиддий ва мураккаб жанр бўлиб, журналистдан катта куч, билим ва маҳорат талаб этишини ўргатдик, - дейди Г.Мўминова. - Мақола ёзиш учун журналистга уч асос муҳим. Булар – мавзу, фикр, факт. Шунингдек, машғулотларда мақола ёзишда воқеликни ечими бўйича тавсиялар бердик, бу борада мисоллар келтирдик.
Бундан ташқари, имкон қадар машғулотлар давомида соҳанинг етук мутахассислари иштирокида матбуот хизматининг жамоатчилик билан алоқаси, фотожурналистика, видеотасвир, дизайнерлик, монтаж иши ҳам ўргатилди.
“Маҳорат мактаби” тингловчилари вилоят телерадиокомпанияси “Samarqand MTRK” вилоят телерадиокомпанияси биносида амалиёт ўташди. Амалиёт жараёнида тингловчилар лавҳа ортидаги ижодий жараён билан танишиб чиқдилар ва ўзларига керакли маълумот ва тажрибага эга бўлишди. Шунингдек, тингловчилар амалиёт давомида овоз ёзиш жараёни, монтаж иши, мухбирлар хонасидаги ижодий иш, радио монтаж, марказий студия хонасида ҳам бўлиб, билим ва кўникмага эга бўлишди.
Олти ойлик курс давомида “Маҳорат мактаби” тингловчилари томонидан махсус “Зиё” газетаси тайёрланди ва чоп этилди. Газета тайёрланиш жараёнига тингловчиларнинг ўзлари масъул бўлди ва ўзларининг танқидий-таҳлилий, мулоҳазали материаллари жамланиб, чоп этилди.
Маълумот ўрнида: 16 та шаҳар ва туман газеталари қошида ҳам ижод маҳорат тўгараклари ҳам йўлга қўйилган. Уларда ҳам камида 10-15 нафар ижодга қизиқувчи ёшлар журналистикага оид ўз билимларини ошириб бормоқда.
Юқоридаги маҳорат мактаби ва тўгараклар таҳририятларда ёш кадрлар захирасини шакллантиришга хизмат қилади.
Шундан сўнг босма нашрларни бошқаришда муҳаррирнинг ўрни, туман, шаҳар газеталарида сиёсий жараёнларнинг ёритилиши ҳамда ҳудудий оммавий ахборот воситалари фаолиятини такомиллаштириш мавзусида тавсиялар билан ўртоқлашилди, мулоҳаза юритилди.
Ҳусан Элтоев.