"Бойсун газни қайта ишлаш заводи" бўлажак муҳандисларнинг илк амалиёт масканига айланди
Самарқанд халқаро технология университетининг ўқув дастури 2022-2032 йилларга мўлжалланган режа асосида ишлаб чиқилган бўлиб, у тоғ-кон, геология ва нефть-газ муҳандислиги бўйича дунёда етакчилардан бири – Колорадо кончилик мактаби (АҚШ Давлат тадқиқот университети) билан ҳамкорликда тайёрланган. Ушбу истиқболли режага кўра университет талабалари ўқишнинг дастлабки ойлариданоқ Ўзбекистондаги энг йирик нефть-газ компаниялари ҳамда корхоналарида амалиёт ўташ билан муҳандислик касбларининг мураккаблигини тушуниш ва масъулиятни ҳис қилишлари, ишлаб чиқариш жараёнларини ўз кўзлари билан кўришлари учун имконият яратилган.
Шундан келиб чиқиб, 2023 йилнинг 27 мартидан 1 апрелигача СХТУда таҳсил олаётган 1-курс талабалари учун ишлаб чиқариш амалиёти ташкил этилди. Талабалар амалдаги ўқув режага асосан, дарс жараёнидан ажралган ҳолда “Бойсун газни қайта ишлаш заводи” қурилиши ҳамда «Самарқанд туристик маркази» МЧЖда амалиёт ўтадилар.
Малакавий амалиёт мобайнида талабалар учун заводда барча шарт-шароитлар яратилди. Самарқанд шаҳар механизация департаменти талабаларни манзилга етказиш ва уларнинг хавфсизлигини таъминлаш учун битта автобус ҳамда унга ҳамроҳ машина ажратишни ўз зиммасига олди.
Амалиёт жараёнида талабаларнинг яшаш шарт-шароитлари билан боғлиқ масалаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Талабаларнинг ҳар бирига қурилиш махсус кийим бошлари тарқатилиб, улар завод маъмурияти томонидан шинам ётоқхона, уч маҳал бепул овқатланиш ва спорт майдончаси билан таъминланилди.
Амалиётнинг биринчи кунида талабаларга заводнинг ички тартиб-қоидалари, завод лойиҳаси ҳақида масъуллар томонидан тақдимот қилиниб, умумий маълумотлар берилди.
- Дастлаб танлаган соҳамга, у қадар иштиёқим йўқ эди, - дейди университет талабаси Комрон Раҳматуллаев. - Энди эса муҳандислик соҳасига қизиқишим тобора ортиб бормоқда. Чунки “Бойсун газни қайта ишлаш заводи”да малакавий амалиёт ўташ мен учун қизиқ кечди. Яъни, у ерда жуда улкан қурилиш ишлари, кўплаб йирик ускуналар, пойдеворлардаги реакторлар, совутиш устуни, абсорбер насослар, буғ қозонлари, совутиш миноралари, газ пистонли қурилмалар ва печларнинг ишлаш фукциялари ҳақидаги қизиқарли ва фойдали маълумотлар курсдошларим сингари мени ҳам жуда қизиқтириб қўйди. Сабаби, бундай катта заводларни илгари фақат ойнаи жаҳон ёки интернет тармоқлари орқали кўргандим. Амалиётнинг биринчи куни бизга завод менежери Азизжон Тўраев заводнинг жойлашиш тартиби, 70 гектар майдонда жойлашган қурилиш майдонида 2263 нафар мутахассис ва 380 та қурилиш техникаси билан иш жараёнини бориши тўғрисида маълумот берди.
- Ҳозир айтмоқчи бўлган фикрларим кимлар учун ҳавойи гапдек туйилиши мумкин, - дейди талаба Елена Лашук. - Аммо мен орзу қилганимдек, талабалик нашидасини сурмоқдаман. 40 ёшимда талабалик бахтига мушарраф бўлдим ва шу кундан бошқа инсонга айландим, курсдошларим қатори завқ билан таълим оляпман. Айнисқа, биз учун узоқ Сурхон воҳасида ташкил этилган амалиёт бу қувончларимни янада оширди. Бир томондан курсдошларим билан бир оила бўлиб билим ва тажриба орттирдим, иккинчи томондан менда жамият аъзоларига нисбатан меҳр-оқибат туйғулари янада ошди.
Ишончимиз комилки, Ўзбекистондаги энг йирик нефть-газ компаниялари объектларида амалиёт ўтаб, ўқиб, “double degree” қўш ихтисослиги ва “double diploma” дипломларини оладиган талабалар учун мамлакатимиз ва халқаро майдонда талаб катта бўлади.
Дарҳақиқат, Самарқанд халқаро технологиялар университети талабаларининг “Бойсун газни қайта ишлаш заводи” қурилишида бўлиб ўтган малакавий амалиёти келгусида уларнинг нималарга кўпроқ эътибор қаратиш кераклигини англаб етишида муҳим омил бўлиб хизмат қилиши шубҳасиз.
Университет ахборот хизмати.