Брюсселдан Самарқандгача

Ляйен ва Кошта эккан эман дарахти, сунъий интеллектда яратилган уч раҳбарнинг ош устидаги сурати, минтақалар бир-биридан нима кутяпти ва “Европа жамоаси” Марказий Осиёга ажратган сармоя...
3-4 апрель кунлари Самарқандда ўтказилган “Марказий Осиё ва Европа Иттифоқи”нинг биринчи саммитида юзлаб журналист ҳамкасбларимиз қаторида иштирок этдим. Кузатув ва тассуротларим билан бўлишмоқчиман.
Бу, шубҳасиз, тарихий саммит. Чунки Ўзбекистонга, умуман Марказий Осиёга Брюсселдан бундай катта делегация аввал ҳеч келмаган. Бу саммит анъанавий 5+1 эмас, бу тушунтириб айтилганда, 5+27 давлат (Европа Иттифоқига шунча давлат аъзо) дегани. Агар Европа Иттифоқи 6 та сиёсий институт томонидан бошқариладиган бўлса, уларнинг энг асосийси – Европа кенгаши ва Европа комиссияси олий делегацияси саммитда иштирок этди. Еврокенгаш бу минтақанинг сиёсий ва стратегик йўналишларини белгилайдиган, Европа раҳбарларидан ташкил топган институт, Еврокомиссия эса ижро ҳокимияти, у янги қонунларни таклиф этади, умумий манфаатларни ҳимоя қилади. Шундай муҳим анжуманда қатнашганимдан жуда фахрландим. Еврокенгаш президенти Антониу Кошта, Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено Бассо хонимдан интервью олганимдан, Еврокомиссар Урсула фон дер Ляен брифингида иштирок этганимдан хурсанд бўлдим.
Бу биз учун ҳам катта тажриба бўлди. Телевидение учун репортаж қилиш жараёнида “нима учун Европа Иттифоқи Марказий Осиёга катта қизиқиш билдираяпти” деган саволга турли таҳлиллар ва манбалардан жавоб излаб кўрдим. Твда эфир вақти чегараланган ва шунинг учун батафсилроқ мақола орқали ўта шахсий фикрларимни баён қилмоқчиман.
Европа Иттифоқи илк бор 2007 йилда Марказий Осиё мамлакатлари учун махсус стратегия ишлаб чиққанди. Бироқ бу ўшанда у қадар ҳам кутилган натижани бермади. Бунга бир неча сабаблар бор эди.
Биринчи сабаб – умумий ёндашув. 2007 йилги Стратегия минтақа давлатларнинг ўзаро фарқларини инобатга олмасди. Тасаввур қилинг, Қозоғистон ва Туркманистон ёки ўша вақтдаги Ўзбекистоннинг иқтисодий моделлари, ташқи сиёсат йўналишлари тубдан фарқ қиларди. Европа Иттифоқи бу давлатларни бир хил ёндашувда кўришга уринди.
Иккинчидан, приоритетлар бошқа эди. Масалан, Европа Иттифоқи учун инсон ҳуқуқлари ва демократия каби масалалар устувор бўлса, минтақа давлатлари учун хавфсизлик ва иқтисодий барқарорлик муҳимроқ эди. Шунинг учун ҳам йирик инвестиция лойиҳаларида якдилликка эришиш қийин бўларди.
Учинчи сабаб, Европа Иттифоқидан таклиф кам эди. Қозоғистон, Ўзбекистон ва бошқа давлатлар учун Россия, Хитой ва ҳатто АҚШ кўпроқ инвестиция, инфратузилма ва хавфсизлик лойиҳаларини таклиф қилган.
Бундан ташқари, Европа Иттифоқи давлатлари ўртасида Марказий Осиёга нисбатан ягона ва қатъий сиёсий ёндашув йўқ эди, дейлик Ғарбий Европанинг айрим давлатлари, Германия, Франция кабиларда қизиқиш бор, бошқаларда эса минтақа стратегик устувор бўлмаган.
Яна энг асосийси, Марказий Осиёда 2016 йилгача минтақавий бирлик руҳи сезилмасди, алоҳида мамлакатларнинг ўзаро чегара, сув, сиёсий ракурс билан боғлиқ муаммолари жуда аниқ кўзга ташланарди. Европа Иттифоқи учун алоҳида давлатнинг ўзи билан мулоқот ўрнатиш, қулоғига ниманидир пичирлаб кетиш кўпам самара бермасди.
2016 йилдан бошлаб минтақа ўзаро бирлаша борди, конструктив мулоқот бошланди, борди-келди кучайди. Бунда Ўзбекистон Президентининг таъсири, сиёсий иродаси катта бўлганини барча эътироф этади ва албатта Марказий Осиё давлатларининг етакчилари ҳам бу ташаббусларни қўллагани тарихий вазиятни ўзгартирди.
2019 йилда Европа Иттифоқи Марказий Осиё бўйича янги Стратегияни қабул қилди. 2023 йилда эса ЕИ ва Марказий Осиё ўртасидаги муносабатларни чуқурлаштириш бўйича қўшма йўл харитаси келишиб олинди. У сиёсий мулоқот, савдо ва инвестициялар, ўзаро боғлиқлик, энергия, иқлим ҳамда инсонлар ўртасидаги алоқаларни ўз ичига олди.
...Европа Иттифоқи биздан нима кутяпти, бизга улар нима бера олади?
Евроиттифоқ дунё сиёсий қутбларидан бири, у Европа ва Осиёни боғлайдиган Марказий Осиё минтақасида Россия ва Хитойнинг таъсирини мувозанатлаштириш мақсадида минтақада алоқаларни мустаҳкамлашга интилмоқда. ЕИ айрим йирик сиёсий ўйинчилардан фарқли равишда бизнинг ўзаро бирликдан манфаатдор. Буни саммитга ташриф буюрган европаликлар кўп бор таъкидлашди. Улар учун ягона дўстлик тилида гаплашаётган минтақа билан йирик лойиҳалар амалга ошириш имконияти кўпаяди.
Марказий Осиё табиий газ, нефтга бой. Европа Иттифоқи учун муқобил энергия манбаилари жуда аҳамиятли. Бундан ташқари, Марказий Осиё дунёдаги марганец захираларининг 40 фоизига, шунингдек, литий ва графитнинг катта захираларига эга. Тўғриси, табиий ресурслар ҳақида гап кетганда нафақат сиёсатчилар, балки оддий одамлар ҳам жиддий тортади. Европа Иттифоқи бошқа нарсани таклиф этаётганини Еврокомиссия раҳбари Урсула фон дер Ляйен саммитда алоҳида таъкидлади:
–Бу ресурслар жаҳон ўйинчилари учун ҳам қизиқиш уйғотади, уларнинг аксарияти фақат қазиб олиш ва экспорт қилишдан манфаатдор. Европанинг таклифи бошқача. Биз маҳаллий қайта ишлаш саноатини ривожлантиришда сизнинг ҳамкорингиз бўлишни истаймиз. Қўшилган қиймат ўз ўрнида қолиши керак, – деди у.
Дарвоқе, етти фарзанднинг онаси, “Европа онаси” деган таъриф бериладиган ва дунё сиёсатида катта карьера қила олган Европа комиссияси президенти Урсула фон дер Ляйен хоним биз, журналистларда самимий, камтар образда тасаввур қолдирди. Унинг босиб ўтган йўли оила ва карьера ўртасида аёл доим танлов қилиш керак деган стереотипни синдиради. У олий маълумотига кўра, иқтисодчи ва шифокор. Сиёсатда суяги қотган. Германия собиқ канцлери Ангела Меркель билан елкама-елка ишлаган. Олти йил Германия мудофаа вазири бўлган. У яна Евроиттифоқнинг 2017-2027 йиллар учун Global Gateway инвестиция дастури (300 миллиард евролик) ташаббускори ҳам. Диққатли, самимий аёллиги сезилди, Самарқанд Конгресс холл боғига эман дарахтини экаётганида “Антонио (Еврокенгаш президентига қарата), кейинги келганимизда дарахтдан хабар оламиз” деди.
Еврокомиссар “Глобал дарвоза” дастури орқали Марказий Осиёда 4 та соҳа бўйича лойиҳаларга 12 миллиард евро ажратилишини маълум қилди. Транспорт – 3 миллиард евро, муҳим минераллар – 2.5 миллиард евро, гидроэнергетика ва иқлим – 6.4 миллиард евро, сунъий йўлдош интернети – 100 миллион евро.
Яна ЕИ учун минтақа Европа ва Осиё ўртасидаги савдо йўлакларининг марказида жойлашган, ўзаро яхши алоқалар иккала минтақага ҳам транспорт ва логистика имкониятларини оширади. Европа Иттифоқи Транскаспий транспорт йўлагини ривожлантириш учун 10 миллиард евро берадиган бўлди, бу Европа ва Марказий Осиё ўртасидаги қуруқликдаги йўналишни икки баробарга, 15 кунгача қисқартиради.
Ўйлашимча, Евроиттифоқ Марказий Осиёда сармоя ётқизаётган барча лойиҳалар минтақавий характерга эга, масалан Қирғизистонда Қамбарота ГЭСи ёки Тожикистондаги Роғун ГЭСида биз ҳам иштирок этяпмиз ва минтақадаги энергетик барқарорлик ҳаммамизга керак. Масалан, барчага керак бўлган Транскаспий транспорт йўлаги учун Инвестиция форуми ва Евроиттифоқ ва Марказий Осиё иқтисодий форуми бу йил Ўзбекистонда бўлиб ўтади, демак, Урсула хоним айтганидек, “энг яхшилари ҳали олдинда.”
Саммит давомида одамларнинг тармоқлардаги реакциясини кузатдим, геосиёсий манзарада кўп қутбли, иқтисодий дипломатияга асосланган ташқи сиёсат энг тўғри йўллигини жамоатчилик ҳам кўп айтяпти. Ўша куни бир фото тарқалди: Ўзбекистон, Еврокенгаш, Еврокомиссия президентлари бир лаган ош атрофида ўтирган манзара. Аслида сурат қайсидир азамат томонидан сунъий интеллектда яратилган, лекин кўпчилик уни реал фото деб ҳам ўйлади, ошсиз бирор тадбир ўтмаслиги аниқда чунки)) Одамларимиз "ош дипломатияси" деган янги атама ҳам ўйлаб топишди.
Нима демоқчиман? Кўпнинг фойдасини ўйлаб қилинган иш бесамар кетмайди. Фақат уни кимдир бўйнига олиб бошлаш керак. Икки кун Самарқандда юриб, Ўзбекистон раҳбарининг Марказий Осиё интеграциясини амалга оширишда зиммасига масъулият олгани ва унинг ҳосили аста-секин кўрина бошлаганини ҳис қилдим.
Азиза ҚУРБОНОВА,
ЎзА