Бу йил Самарқандда аҳолини иш билан таъминлаш учун 10,9 минг гектар ер ажратилади

Президентимизнинг тегишли қарор ва фармонларига асосан қишлоқ хўжалиги ер майдонларини “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали аҳолига бериш, бу орқали бандликни таъминлаш ва қўшимча маҳсулот етиштириш белгиланган.
- Бугунги кунда фермер ва қишлоқ хўжалиги кластерлари ҳисобидан 24 минг 491 гектар ер майдони “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали 73,6 мингдан ортиқ аҳолига ажратиб берилган, - дейди вилоят қишлоқ хўжалиги бошқармаси шуъба бошлиғи Аслиддин Маматмусаев. - Агар 2022-2023 йилларда 16 минг 159 гектар ер майдони 55 минг 157 нафар фуқарога ажратилган бўлса, 2024 йилда 8332 гектар ер майдони 18,4 минг нафардан ортиқ ёшларга экспортбоп экинлар етиштириш мақсадида ажратилган.
Бу, энг аввало, ёшлар бандлигини таъминлайди, ер ҳолатини сақлаш, янги технология ва ишланмаларни жалб қилиш, маҳсулот турларини кўпайтириш имконини беради. Бу ёшларнинг ўзига ишончини орттириш, уларда мулк ҳиссини кучайтириш ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга ёрдам беради. Ерга ўз мулки сифатида ёндашилган майдонларда балл-бонитетнинг ортиши кузатилган. Бу, табиийки, ҳосилдорликни кўпайиши ва даромаднинг юқори бўлишига хизмат қилади.
2024 йилда вилоят бўйича ажратилган 24 минг 491 гектар ер майдонининг 987 гектар картошка, 594 гектар полиз, 6650 гектар дуккакли, 691 гектар мойли экин, 15569 гектар сабзавот экинлари экилди. Бу йил эса вилоятимизда 10 минг 944 гектар ер майдони деҳқон хўжаликлари учун ажратиш режалаштирилган. Ушбу ер майдони пахта, ғалла ва бошқа экинлар, шунингдек, самарасиз боғ ва узумзорларни қисқартириш ҳисобига ажратилиши режалаштирилган.