Бу йил Самарқандда қанча мактаб реконструкция қилинди ёки Пайариқда нечта мактабда "буржуйка"лар сақланиб қолган?
Жорий йил вилоят халқ таълими тизимидаги 12 та муассаса, 3 та касб-ҳунар таълими муассасаси, 3 та жисмоний тарбия ва спорт муассасасини жорий таъмирдан чиқариш режалаштирилган.
Вилоятдаги барча умумтаълим мактабларини 2020-2021 ўқув йили куз-қиш мавсумига пухта тайёрлаш мақсадида маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 15,3 миллиард сўм сарфлаш кўзда тутилган бўлиб, ҳозиргача 6,2 миллиард сўм маблағ молиялаштирилган.
Бугунгача 184 та таълим муассасаларининг бино ва иншоотлари мукаммал ва жорий таъмирланди.
Республика ишчи гуруҳи томонидан ўрганилганида 9 та муассасада 1,2 миллиард сўмлик жорий таъмирлаш ишлари амалга оширилганлиги аниқланди. Бу кўрсаткич Самарқанд шаҳрида 150 миллион сўм, Қўшработ туманида 320 миллион сўм, Нуробод туманида 70 миллион сўм, Ургут туманида эса 650 миллион сўмни ташкил этади.
Шунингдек, мактабларда режадаги 1438 квадрат метр ўрнига, ҳозиргача 426 квадрат метр синган ойналар алмаштирилди. Қолгани янги ўқув йили бошлангунга қадар якунига етказилади. 2020-2021 йил куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш учун яна қўшимча 3,7 миллиард сўм маблағ ажратилиши зарур.
Шу вақтгача вилоятдаги “буржуйка”дан фойдаланиб келган 143 та таълим-тарбия муассасасининг 127 таси тўлиқ замонавий иситиш қозонларига алмаштирилди. Ҳозирда қўлбола печлар Пайариқ туманидаги 16 та мактаб филиалларида сақланиб қолган.
Президентимизнинг 2020 йил 10 январдаги қарорига асосан вилоятдаги 32 та мактабларда қурилиш-таъмирлаш ишлари учун ажратилган 128,2 миллиард сўм маблағнинг 12,7 миллиард сўми иқтисод қилинган. Иқтисод қилинган мазкур маблағлар умумтаълим мактабларининг спорт заллари қурилишидан юзага келган қарздорликни қоплаш учун йўналтирилади.
Инқирозга қарши курашиш жамғармаси ҳисобидан 22 та умумтаълим мактаблари реконструкция қилинди ва мукаммал таъмирланди. Янги ўқув йилида фойдаланишга топширилиши белгиланган муассасалар учун ажратилган 65 миллиард сўм маблағнинг 8,4 миллиард сўми иқтисод қилинган.
Бугунда иқтисод қилинган жами 21,1 миллиард сўм маблағ бўйича тендер савдолари ўтказилмаган, манзилли дастурлар тегишли вазирликлар билан келишилмаган ва қурилиш ишлари бошлангани йўқ.