Бу йилги тест синовларида бир қатор янгиликлар бор

Юртимизда ёшларнинг олий маълумотли касб эгаси бўлиш истаги тобора ошиб бормоқда. Шулар ва хорижий давлатларнинг таълим соҳаси тажрибасини ўрганиш натижалари ёшларимизга янада кенг имкониятлар яратиш эҳтиёжини келтириб чиқараётган эди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майда қабул қилинган “Олий таълим муассасаларига тест синовлари орқали қабул қилиш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бу борада тарихий аҳамиятга эга бўлди.
Мазкур қарор асосида олий ўқув юртларига ўқишга қабул қилишда кўпгина янгилик ва ўзгаришлар жорий этилмоқда.
Биринчидан, жорий йилдан бошлаб республика таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича Давлат комиссияси томонидан белгиланадиган давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали мурожаат қиладилар.
Иккинчидан, ташкилий жиҳатларнинг кўп вақт ва куч талаб қилиши, абитуриентлар сонининг кескин ортиши муносабати билан олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш бўйича кириш тест синовлари июль-август ойларида ўтказилади.
Учинчидан, жорий ўқув йили қабулидан бошлаб абитуриентлар олий таълим муассасаларининг тест синови топшириладиган фанлар мажмуаси бир хил бўлган учтагача бакалавриат таълим йўналишида танловларда иштирок этади. Шунингдек, абитуриент томонидан таълим йўналишларига устуворлик белгиланади.
Тўртинчидан, олдинги ўқув йилларида таълим муассасаларини тугатган абитуриентлардан тест синовларида иштирок этиши учун энг кам иш ҳақининг ярим баробари миқдорида йиғим ундирилади (ногиронлиги бўлган ёки тўлиқ давлат таъминотидаги шахслар бундан мустасно).
Бешинчидан, абитуриентнинг тест синовида тўплаган баллари ҳақидаги маълумот тест синови ўтказилган куннинг эртасига, унинг талабаликка тавсия этилгани ёки этилмагани бўйича белгиланган тартибда тасдиқланган танлов натижаси тест синовларини ўтказиш жараёни тўлиқ якунлангандан кейин бир ҳафта муддат ичида Давлат тест марказининг расмий веб-сайтида эълон қилинади.
Олтинчидан, 2020/2021 ўқув йили қабулидан бошлаб тест фанлари мажмуаси икки бўлимга ажратилиб, биринчи бўлимга барча тест топширувчи абитуриентлар учун мажбурий 3 та фан – она тили, математика ва Ўзбекистон тарихи, иккинчи бўлимга даъвогарлик қилинаётган бакалавриат таълим йўналишига мос иккита фан киритилади. Мажбурий фанлар бўлимидаги тест топшириқлари соддалаштирилган бўлиб, абитуриентларнинг умумий саводхонлиги ва таянч билимларини баҳолашга йўналтирилади.
Еттинчидан, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятларнинг маъмурий марказларида келгусида тест синовларини ўтказиш мақсадида катта сиғимли бино ва иншоотлар қурилади.
Шунингдек, абитуриентга ўзи рўйхатдан ўтадиган, аниқроғи, доимий истиқомат қиладиган жойида ёки бошқа қулай деб билган ҳудудда тест синовида иштирок этиш имконияти берилиши мумкин – бу ортиқча вақт, маблағ сарфланишининг, сарсонликларнинг олдини олади.
Эслатиш жоизки, Давлат тест маркази фаолиятини ривожлантириш жамғармасига тушган маблағлар тест синовларини янада сифатли ва қулай шароитларда ташкил этиш билан боғлиқ харажатларни молиявий таъминлашга йўналтирилиши режалаштирилган. Ушбу маблағлар биноларнинг ижара тўловига, катта қувватли кондиционерлар, шахсни аниқлаш, биометрик, мобиль алоқа тўлқинларини тўсувчи қурилмалар ва кузатиш камералари, ота-оналар учун мониторлар билан жиҳозлашга ҳамда абитуриентларни ичимлик суви ва ручка билан таъминлашга йўналтирилади.

Шу билан бирга, тест синовларини ташкил этиш жуда катта қўшимча молиявий маблағларни талаб этади ва жамғармага тушадиган тўловлар мавжуд харажатларни тўлиқ қоплаш учун етарли деб бўлмайди. Тезкор ўқийдиган оптик қурилмалар хариди, хорижий экспертларни жалб этиш ва хорижий ватандошларни Давлат тест марказига ишга олиш, тўрт мингдан ортиқ гуруҳ назоратчиларига тўланадиган иш ҳақи, уларга ташкил этиладиган тушлик, тест материалларини сифатли тайёрлаш, ўз вақтида белгиланган жойларга етказиб бериш, олиб келиш, сақлаш ва шу кабилар киради.
Тест синовларига тўловнинг жорий этилиши амалда тайёргарликсиз келаётган, билимсиз ва ғаразли мақсад билан иштирок этаётган абитуриентлар сонининг ва тест синовлари жараёнида ўзгадан ёрдам олиш ёки ёрдам бериш ҳолатларининг камайишига олиб келади. Ушбу ҳолат хорижий мамлакатларда кенг тарқалган бўлиб, олий таълим муассасалари томонидан ўтказиладиган тест синовларида жорий этилган.

Носир ЭШОНҚУЛОВ,
Давлат тест марказининг
Самарқанд вилоят бўлими бошлиғи.