Бугун туғилган кун: Хосият Бобомуродова
Самарқанднинг севимли шоираси Хосият Бобомуродова 1950 йил 2 май куни Самарқанд вилоятининг Хатирчи (ҳозирги Навоий вилояти) туманида туғилди.
1966 йилда ўрта мактабни тугатиб, Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика институтида ўқиди. Аввал бошланғич синф ўқитувчиси, кейинчалик мактабда директор бўлиб ишлади. 1983-1989 йилларда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Навоий вилояти, 1990-2003 йилларда Самарқанд вилояти бўлимларида масъул котиб лавозимида, 2003-2005 йилларда «Зарафшон» нашриёти директори бўлиб фаолият юритди.
Шоиранинг “Дарёдан қатра”, “Оқ йўл турналар”, “Самарқандга мактублар”, “Мен узган гуллар”, “Бормисан, ўзбек”, “Жонимнинг эгаси”, “Ватан ягонадир”, “Келин салом”, “Мағрурлик сабоғи”, “Қизилқум маликалари”, “Самарқанд санамлари”, “Қирқ ўғлон қиссаси”, “Саҳродаги жаннат”, “Сенсиз”, “Гул ёмғири”, “Ўқувчи одоблари” китоблари чоп этилган.
Хосият Бобомуродова “Шуҳрат” медали, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Халқ таълими аълочиси унвон ва кўкрак нишонлари соҳиби.
Қуйида шоиранинг шеърларидан баҳраманд бўласиз.
***
УЗИЛГАН ГУЛГА
Ким узди сўрамайин
Бирор оғиз қуёшдан.
Қўрқмадими оҳингдан,
Қўрқмадими кўзёшдан.
Тупроғингдан, сувингдан
Олмадими, розилик?
Ҳеч қурса тиканларинг
Қилмадими қозилик?
Яна уялмай боғбон
Сени пулга сотдими?
Байрам баҳонасида
Қучоғимга отдими?
Сени ким мажбурлади,
Ҳузуримга келмоққа?
Ўзинг рози бўлдингми,
Кўнглим учун ўлмоққа?!
* * *
Яшаганинг сари камдир бу дунё,
Англаганинг сари ғамдир бу дунё.
Орқага қайтиш йўқ, бас деб айтиш йўқ,
Тинмай чорлагувчи шамдир бу дунё.
Фақат орзу билан бунёд бу очун,
Кимга меҳри ёлғон, кимга ишқи чин.
Ўзинг-ку дунёга сиғмай юрибсан,
Яна ундан ором сўрайсан нечун?
Бандилик муборак сўз зиндонида,
Билгилки, эрк яшар шоир қонида.
Дилни қанча эзсанг шунча яшайсан,
Шеър аталган мангу ҳайкал ёнида.
ИШҚ
Тингламайди ҳеч ким арзу додини,
Тутилган унутар насли, зотини.
Сену мен ким бўпмиз, бу севги яна,
Телба қилар мингта Хосиятини.