Андроид қурилмалар учун Zarnews.uz мобил иловаси. Юклаб олиш x

Бугун Халқаро театр куни: "Театр - бу ибратхонадур..."

Анъанага кўра, ҳар йили 27 март - Халқаро театр куни дунё бўйича (World Theatre Day) "Театр - халқлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик ва тинчликни мустаҳкамлаш воситаси" шиори остида кенг нишонланади.

Бу ғоя илк маротаба 1961 йилда Халқаро театр институтининг IX конгрессида илгари сурилган ва дунёнинг 100 дан ошиқ давлати уни қўллаб-қувватлаган.

Аслида театр тарихи қадим замонларга, илк театр намойиши эрамизгача бўлган 2500 йилга бориб тақалади. Илк томошалар Мисрда қўйилган бўлса, қадимги Юнонистон ва Римда шуҳрат топди. Ғарбий Европа давлатларида бу санъат тури Мольер каби тили ўткир сатирикларнинг комедияларию Шекспир каби даҳо фожианависларнинг трагедиялари туфайли кишилар онгига сингди.

Юртимизда театр санъатининг илк куртаклари халқ орасида "қизиқ" ёки "масхара" номи билан танилган артистлар томонидан тўй-сайилларда, подшолар саройида қўйилган саҳнавий кўринишларга бориб тақалади. ХIХ аср охири - ХХ аср бошларига келиб, Ўзбекистонда театр жадидлар учун ўз ғояларини халқ онгига тушунарли ва таъсирчан усулда етказиш воситасига айланди. Бир вақтнинг ўзида кўпчиликка таъсир қилувчи санъатнинг бу тури ривожида Беҳбудий, Авлоний, Фитрат, Мунавварқори сингари алломаларнинг ҳиссаси катта.
Беҳбудий қаламига мансуб "Падаркуш" драмасининг саҳналаштирилиши эса ўша даврдаги энг катта ҳодисалардан бири бўлган.

Бугун эса республикамизда 40 га яқин профессионал давлат театрлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда минг-минглаб мутахассислар ишлайди. Жумладан, улар орасида вилоятимиздаги театрлар ҳам ўз ўрни ва мавқеига эга.

Халқаро театр куни арафасида, яъни 21-27 март кунлари бу ижодий жамоалар томошабинларга бепул спектакллар намойиш этди.

Шу ўринда Беҳбудийнинг "Театр - бу ибратхонадур..." деган гапини эсга олиш жоиз. Инсониятнинг илғор фикрли вакиллари бу ибратхонани жуда қадимданоқ кашф қилишган ва унинг дарси асрлар оша ҳамон энг таъсирли сабоқ бўлиб келаётир. Шундай экан, театр маданият ўчоғи, тарбия воситаси бўлиб хизмат қилаверади.