Булунғур мактабларида янги ўқув йилига тайёргарлик бўйича аниқланган муаммолар бартараф этилдими?
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Саидаҳмад Усмонов жорий йилнинг 4 июнь куни Булунғур туманидаги умумтаълим мактабларида бўлиб, янги ўқув йили ва куз-қиш мавсумига тайёргарлик ҳолати билан танишганди. Ушбу жараёнда айрим умумтаълим мактабларида қатор муаммо ва камчиликлар аниқланиб, халқ таълими бўлими ва мактаб директорларига топшириқлар берилганди.
Жумладан, Булунғур туманининг Тожикистон Республикаси билан чегарадош ҳудудида жойлашган 41-умумтаълим мактабида юртимизда карантин бошлангандан кейин ишлар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани танқид қилинганди. Бугунги кунда 41-умумтаълим мактаби янги ўқув йилига тайёр. Барча синфхоналарнинг девор ва пол қисмлари бўялган. 2019 йилда маҳаллий бюджетдан ажратилган 56 миллион сўм маблағ ҳисобига 2 та янги қозонхона ўрнатилиб, иситиш тизими тўлиқ янгиланган.
Тумандаги 10-умумтаълим мактабида ҳам қатор муаммолар кўзга ташланган эди. Айни пайтда аниқланган камчиликларнинг барчаси бартараф этилиб, мактабда янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари олиб борилмоқда.
Мазкур мактабда 2019 йил “Обод қишлоқ” дастури асосида 140 ўринли қўшимча бино қурилиб, замон талаблари асосида жиҳозланган ҳолда фойдаланишга топширилган. Эътиборлиси, туман ҳокими Б.Баҳромов ташаббуси билан яқинда мактабдаги ўқитувчилар хонасига замонавий мебеллар топширилди. Бундан ташқари, 7 та синфхона 2 тадан шкаф ва китоб жавонлари, стол ва стуллар билан жиҳозланди. Тумандаги яна 6 та мактабга худди шундай тартибда зарур мебеллар берилди.
Булунғур тумани ҳокимлиги томонидан халқ таълими соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир амалга оширилаётган ишларни ҳам алоҳида эътироф этиш жоиз. Айниқса, муассасаларни куз-қиш мавсумига тайёрлаш бўйича ўтган йили қатор умумтаълим мактабларига замонавий иситиш жиҳозлари ўрнатилди. Тумандаги 42-мактабга 3 та янги қозонлар олиб берилди ва 3 таси қайта таъмирланди.
3-умумий ўрта талим мактабида “Обод қишлоқ” дастури асосида 2018 йил 2 миллиард 640 миллион сўм маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 780 ўринли мактаб биноси тўлиқ реконструкция қилинди. Спорт ва фаоллар заллари таъмирланди. Мактаб ҳовлисининг 160 метр қисми баланд девор билан ўралди. Айни пайтда мактаб янги ўқув йилига тайёр.
Туман ҳокимининг ёшлар билан учрашувида бир қатор таклифлар илгари сурилиб, умумтаълим муассасаларида спорт жиҳозлари ҳамда мусиқа асбобларига эҳтиёж борлиги тўғрисида мурожаатлар бўлганди. Ҳоким босқичма-босқич ушбу эҳтиёжларнинг қаноатлантирилиши бўйича ёшларга ваъда берганди. Шунга асосан тумандаги 66 та мактабнинг барчасига ўқувчи сонидан келиб чиқиб, 132 та баскетбол, 132 та гандбол, 265 та волейбол ҳамда 284 та футбол тўплари, шунингдек, 24 та теннис столи ва ракеткалар топширилди.
Самарқанд вилояти халқ таълими бошқармаси ахборот хизмати.