Булунғур ва Самарқанд туманларида мурожаатлар сони кескин кўпайган. Нега?

Вазирликлар, идоралар, давлат иштирокидаги ташкилотлар ва маҳаллий ижро ҳокимияти органларида 2018 йилда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш натижалари таҳлил этилди.

Ҳисобот йилида Вазирлар Маҳкамаси аппарати, вазирликлар, идоралар, давлат иштирокидаги ташкилотлар, вилоятлар, шаҳарлар ва туманлар ҳокимликларига бевосита жисмоний ва юридик шахслардан 891,2 мингта, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси орқали 687,6 мингта мурожаатлар келиб тушган.

Вазирлар Маҳкамасига тақдим этилган ҳисоботларда қайт этилишича, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган 3995 нафар мансабдор шахсларнинг жавобгарлиги масаласи кўриб чиқилган. Хусусан, раҳбар ва масъул ходимлардан 316 нафари эгаллаб турган лавозимларидан озод этилган, 3586 нафари интизомий, 82 нафари маъмурий, 11 нафари жиноий жавобгарликка тортилган.

Вилоятимиздаги айрим туман ва шаҳар ҳокимликлари, ташкилотларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда камчиликларга йўл қўйилган.

Жумладан, “Ўзстандарт” агентлигининг вилоят бошқармасида мурожаатлар бўйича иш юритиш тизими ташкил этилмаган, қайд этиш варақалари тўлиқ юритилмаган, мурожаат муаллифларининг манзиллари, мурожаат мазмуни, ижро муддати ва уларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисидаги маълумотлар қайд этилмаган.

Мурожаатларни кўриб чиқишни назорат қилиш ишларига жиддий эътибор қаратилмагани, жойлардаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий чоралар кўрилмаганлиги оқибатида мурожаатлар сони 2017 йилга нисбатан Булунғур туманида 2,5, Самарқанд туманида 2,1 баробарга кўпайишига йўл қўйилган. Оқдарё тумани ҳокимлигига 163 та, Каттақўрғон шаҳри ҳокимлигига 72 та мурожаат такрорий тушган.

Вилоятимизда 354 ҳолатда мурожаатларни кўриб чиқиш муддатлари бузилишига йўл қўйилган. Энг кўп бузилишлар Ургут (78 та) тумани, Самарқанд (47 та) шаҳри ҳокимликларига тўғри келган.

Ўзбекистон Республикаси Президенти виртуал қабулхонасидан келиб тушган мурожаатлар билан ишлашга эътиборсизлик билан қараётганликлари ҳамда масъул ходимларнинг ўз вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашгани оқибатида Пахтачи тумани ҳокимлигида 254 та мурожаатнинг белгиланган муддати бузилган.

Мурожаатларни кўриб чиқишни тизимли ташкил этмагани, қонунда белгиланган муддатларнинг бузилганлиги ва мақсадли ўрганишлар зарур даражада ўтказилмаганлиги учун Жомбой тумани ҳокими жиддий огоҳлантирилган.