Булунғурда 180 оила учун даромад манбаи яратилди

Булунғур туманида “Ёшлар дафтари”га 6 597  нафар турли муаммоси бор йигит-қизлар рўйхатга олинган. Улардан 4 453 нафари доимий даромад манбаига эга бўлмаган ишсиз ёшлар.

Туманда уларни қўллаб-қувватлаш, касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлигини таъминлаш ҳамда бўш вақтини мазмунли ташкил этиш мақсадида алоҳида чора-тадбирлар режаси ишлаб чиқилган. Шунга кўра ишсизлар рўйхатида турган ёшларнинг 438 нафарига деҳқончилик билан шуғулланишлари учун 196 гектар ер ажратилди, 152 нафари корхона ва ташкилотларга ишга жойлаштирилди. 162 нафар ёш касбга ўқитилиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш истагида бўлган 111 нафар йигит-қизга имтиёзли кредитлар ажратилди. “Ёшлар дафтари”да рўйхатда турганларнинг 162 нафари эса “1+1” лойиҳаси асосида тадбиркорларга бириктирилди.

Яқинда эса туманда “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ҳамда “Ёшлар дафтари” рўйхатига олинган 180 нафар фуқарога 450 миллион сўмлик 31 та мотокультиватор, 132 та тикув машинаси, 18 та пишириқ печи, 4 та карчер ва 4 та пайвандлаш ускуналари бепул тарқатилди.

- Ёрдамга муҳтож ишсиз фуқароларнинг касб-ҳунарга қизиқишини ошириб, жамиятда ўз ўрнини топишига кўмаклашиш чоралари кўрилмоқда, - дейди туман ҳокими Баҳодир Баҳромов. – Бугун берилган ускуналар уларнинг бандлиги таъминлаб, оиласи учун даромад манбаи яратилишига хизмат қилади.

Тўлқин Сиддиқов.