Булунғурлик ёшлар “Фавқулодда вазиятлар вазири кубоги” учун беллашади

Вилоят фавқулодда вазиятлар бошқармаси томонидан оталиққа олинган ёшлар ўртасида “Фавқулодда вазиятлар вазири кубоги” спорт мусобақалари ва кўрик-танловининг вилоят босқичи бўлиб ўтди.

“Юртнинг кучи - бирликда, қадри эса тинчликдадир” шиори остида ташкил этилган мусобақада унинг туман (шаҳар) босқичида ғолиб бўлган вилоятдаги 16 та маҳалла ёшлари беллашди.
Баҳслар натижасига кўра, Булунғур туманининг Каптархона маҳалласи ёшлари ғолиб бўлиб, мусобақанинг республика босқичига йўлланма олди.
Кейинги ўринлар Иштихон туманининг Қ.Қаршиев номли ҳамда Нарпай туманининг Ҳақиқат маҳаллалари ёшларига насиб этди.
Ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ва эсдалик совғалари билан тақдирланди.