Бургутсимонлар оиласига мансуб қуш - тасқара ҳаёти сақлаб қолинди
2 сентябрь куни ижтимоий тармоқларда Ургут тумани ҳудудида ноёб қуш сотилаётгани ҳақида эълон тарқалди. Ургут тумани экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бўлими давлат инспекторлари шу куннинг ўзида хабарда берилган манзилда бўлиб, у ерда ўрганиш олиб борди.
Маълум бўлишича, “Мирзақишлоқ” маҳалласида яшовчи фуқаро С.Қ. хонадонида қуш сақлаётган экан.
Хонадон соҳиби таъкидлашича, ушбу қуш унинг ҳовлисига тасодифан келиб қўнган ва қаноти шикастлиги боис учиб кетолмаган.
Бу қуш бургутсимонлар ойласига мансуб тасқара қуши бўлиб, Ўзбекистон Республикаси "Қизил китоби"га киритилган.
Фуқаро С.Қ. га бундай ҳолатларда тегишли ташкилотларга тезкор хабар бериш лозимлиги тушунтирилди.
Ҳозирда қушнинг ҳолати қониқарли эканлигига ишонч ҳосил қилиш мақсадида тасқара махсус ветеринар кўригидан ўтказилмоқда. У тез орада табиат қўйнига қўйиб юборилади, дея хабар беради вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси ахборот хизмати.