Буюк Британия коронавирус сабабли янги чекловлар жорий этиш тўғрисида эълон қилди

Буюк Британия бош вазири Борис Жонсон, парламентда қилган чиқишида коронавируснинг иккинчи тўлқини сабабли янги чекловлар жорий этилиши тўғрисида эълон қилди.

Унинг сўзларига кўра, аҳолининг 8 фоиздан камида коронавирусга қарши антитаначалар мавжуд. Шу билан бирга, коронавирус инфекцияси билан касалланиш ҳолатининг кўпайиши фақатгина тест таҳлили ўтказиш ҳажмининг ошгани билан боғлиқ эмас.

“Куз-қиш даврида коронавирус тарқалиши тезлашади. Шу сабабли биз ҳозирдан ҳаракат қилишимиз лозим”, деди Жонсон.

“Биз уйда қолиб ишлашга имкони борларга яна шундай қилишларини сўраймиз”, деди у ўтган ҳафтада ҳукумат одамларни офисларга қайтишга чақирганлигига қарамасдан.

Англиядаги ресторан ва умумий овқатланиш жойлари 24 сентябрь кунидан бошлаб маҳаллий вақт билан соат 22:00 да ёпилади. Ўша вақтга қадар таомга буюртма беришга улгурган мижозларга хизмат кўрсатилади.

Ресторан ва дўконлар ходимлари ниқоб тақиб юриши мажбурий этиб белгиланди.

Бундан ташқари, Жонсон мамлакат аҳолисини ортиқча йиғилишлардан тийилишга чақирди ва ёпиқ хоналарда турли оилавий тадбирлар ўтказишни тақиқлади. Шунингдек, тўйларга ташриф буюрувчи меҳмонлар сони 30 кишидан 15 кишигача қисқартирилди, дафн маросимларига илгаригидек 30 киши ташриф буюриши мумкин этиб белгиланди.

“Олти киши қоидаси” (олти кишидан ортиқ одам йиғилиши мумкин эмас) барча ёпиқ хоналардаги жамоавий спорт турларига нисбатан қўлланилади.