Буюк Британия "Шимолий оқим"нинг ёпилиши сабабли ташвишда
Россия президенти Владимир Путиннинг Европадаги асосий қувурлардан бири бўлган “Шимолий оқим” газ қувурини тўсиб қўйиш ҳақидаги қарори Буюк Британияни ташвишга солиб қўйди. Бу ҳақда Energy UK ассоциациясининг собиқ ижрочи директори Анжела Найт маълум қилди, деб ёзади Bloomberg.
У ушбу «ташаббус»ни Россия раҳбарининг “иқтисодий уруш”ни бошлашга уриниши деб атади.
Унинг тушунтиришича, Британия ҳукумати аҳолининг айрим тоифалари ва саноат корхоналарига қишдан омон қолишлари учун ёрдам кўрсатиши керак. Найт, шунингдек, ҳукуматнинг турли, айрим «нодўстона» мамлакатлардан ёқилғи импортига қарамлик яратишдаги хатосига ишора қилди. "Бизда узоқ вақт давомида нотўғри энергия сиёсати мавжуд эди", деди у ва вазиятни "ёқимсиз зарба" деб атади.
Буюк Британия давомли энергия инқирози кутмоқда
Аввалроқ Буюк Британия ташқи ишлар вазири Лиз Трасс мамлакатда энергия инқирози узоқ давом этишини башорат қилган эди. Сиёсатчи Буюк Британия Шимолий денгиздаги нефть ва газ конларини ўзлаштиришни қайта бошлаш, атом электр станциялари қурилишни тезлаштириши ва қайта тикланадиган энергия манбаларига ўтиши кераклигини таъкидлаган эди.
Бирлашган Қироллик мамлакатдаги ўртача уй хўжаликлари учун электр энергияси нархи 1 октябрдан бошлаб 80 фоизга ошиши ҳақида огоҳлантирди.
Ҳозирда Европада вазият ёмонлашган тақдирда ўзини ёқилғи билан таъминлаш мақсадида ерости омборларида фаол равишда газ тўпланмоқда. Август ойи охирида Европа Иттифоқи белгиланган ва муддатидан икки ой олдин бажарган 80 фоизлик кўрсаткичга етди.
Россия санкцияларга урғу бермоқда
Ўз навбатида, Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песков Россияга қарши санкциялар “Газпром” ускуналарга техник хизмат кўрсатиш билан боғлиқ муаммолар туфайли Европага газни тўлиқ етказиш имконини бермаслигини таъкидлади. Инқирозли вазиятни юзага келтирган "Газпром" контрагентларини "соғлом фикрлашга чақириш" керак деди Кремль вакили ва айни пайтда қувурда битта трубина ишлаётганини қўшимча қилди.