Буюк Британиядаги катта компания асосчиси ҳаводан пул ясамоқчи
Британия Ecotricty энергетик компанияси асосчиси Дейл Винс яқин келажакда ҳаводан пул ясашни мўлжалламоқда, деб ёзади “Мир новостей” (2020 й. 45-сон) ҳафтаномаси.
Бу унинг Sky Dimonds лойиҳасини ишга туширганидаги баёнотидан маълум бўлди. Лойиҳадан мақсад – арзон синтетик олмослар ясаш мультимиллионернинг таъкидлашича, бу дунёдаги қиммат турадиган тошларнинг экологик тоза ва энг нафис ҳамда шаффофи бўлади. Чунки улар учун зарур бирикмалар унинг қўлига бевосита тўғридан-тўғри осмондан тушар экан. Аниқроқ айтганда, углеродли саноат чиқиндилари ва автомобиллар чиқараётган газлар асосий хом ашё бўлади. Ҳозирда эса сайёрамиз атмосферасини ифлослантираётган бундай чиқинди газлар ошиб-тошиб ётибди. Бундан ташқари, Дейл Винс шамол ва қуёшнинг бепул энергияси ва атмосфера ёғин-сочинларидан ишлаб чиқаришда кенг фойдаланмоқчи.
Тадбиркор маҳсулот яратиш учун ўз заводида буғларнинг чўкинди кимёвий технологиясини татбиқ этишни мўлжалламоқда. У “олмос уруғи”ни газ камерасида 800 даражагача қиздиришнинг “яшил технология”сидан фойдаланади. Унинг фикрича, шундан кейин “уруғ”дан олмос пайдо бўлади ва таркиби жиҳатидан ер қаъридан қазиб олинаётган тошдан фарқ қилмайди.
Анъанавий усулда олмос қазиб олиш учун ҳар бир карат ўртача 3890 литр сув талаб қилади, яна тахминан 1000 тонна тош ва тупроқни қазиб, элакдан ўтказишга тўғри келади. Бу эса атмосферага бир талай карбонат газини чиқаришга мажбур бўлинадиган электр энергияси ишлаб чиқаришни талаб қилади.
Экологик тозалик учун дунёда кураш бораётган пайтда синтетик олмосга талаб ошмоқда. Тажрибаси катта Дейл Винснинг ўз лойиҳаси муваффақиятига мутлақ ишончи комил. У ҳатто лойиҳа ишга тушгач, ойига дарҳол 200 карат олмос ишлаб чиқаришга тайёр эканлигини билдирди ва ишлаб чиқаришни модернизациялаштира бориб маҳсулот миқдорини ойига 1000 каратга оширишни мўлжаллаётганини ҳам яширмади.
Тайёрловчи: Т.Шомуродов.