Чарли Чаплин: "Мен ҳеч қачон фаришта бўлмаганман, ҳар доим одам бўлишга интилганман"

75 ёшга кирган доно қария, 12 фарзанднинг отаси Чарли Чаплин Париж саҳнасида ўзини рақс санъатида излаётган 21 ёшли қизи Жеральдинага хат ёзди.

Шахсий, аммо ҳис-туйғу, одоб-ахлоқ, оталарча насиҳатларга бой мактубда айтилган гаплар ҳар биримизга мос келади. Ушбу хат оталик севгиси ва ғамхўрлиги, қайғу ва кечинмалари тўпланган ва сақланиб келган донолик намунасидир.

Дарвоқе, кино даҳосининг қизига ёзган хатининг бир қисмини бундан анча аввал сизларга тақдим этган эдик. Яқинда ижтимоий тармоқларда ушбу хатнинг инглиз тилидаги тўлиқ матнини топдик. Таржима қилиб, эътиборингизга ҳавола қиляпмиз. Ушбу ибратли хат ота-онангиз сизга нимани ўргатгани ва фарзандларингизга нимани ўргатмоқчи эканингиз ҳақида ўйлашга чорлайди.

“Мен ҳеч қачон фаришта бўлмаганман, - ёзади Чарли Чаплин, - лекин ҳар доим инсон бўлишга интилганман. Сен ҳам шундай қилишга ҳаракат қил.

“Қизалоғим!

Бугун Рождество кечаси. Кичик қалъамнинг қуролланган аскарлари ухлаб қолишди. Уканг, опанг ухлаяпти. Ҳатто онанг ҳам аллақачон ухлаб қолди. Ухлаб қолган полапонларимни уйғотмасликка ҳаракат қилиб, ярим ёритилган хонага кириб сенга шу хатни ёзишга киришдим. Сен мендан қанчалар узоқдасан, лекин сенинг сиймонг ҳар доим кўз онгимда бўлмаса, кўр бўлиб қолай. Портретинг эса столда ва мана бу ерда - юрагимнинг тўрида. Сен-чи, сен қаердасан? Афсонавий Парижда, Елисей майдонидаги улуғвор театр саҳнасида рақсга тушаяпсан. Мен буни яхши биламан ва шунга қарамай, тун жимжитлигида қўяётган қадамларингни, қишки осмонда юлдузлар каби порлаётган кўзларингни кўриб турибман.

Тантанали ёрқин спектаклда татар хонининг асираси форс гўзали ролини ўйнаётганингни эшитиб турибман. Қизим! Соҳибжамол бўл ва рақсга туш! Юлдуз бўлиб порла! Агар томошабиннинг завқланиши ва миннатдорлиги сени маст қилиб, тақдим этилган гулларнинг хушбўй ҳиди бошингни айлантириб қўйса, бир бурчакка ўтириб ол ва мана бу хатимни ўқи, юрагинг овозига қулоқ тут. Мен сенинг отангман, Жеральдина! Мен Чарли, Чарли Чаплинман! Гўдаклигингда кечалари бешигинг ёнида ўтириб гўзал малика ва уйғоқ аждаҳо ҳақида эртак айтиб берганларим ёдингдами? Уйқу келиб кўзларим юмилиб бошлаганида мен уни масхара қилиб: “Кет! Менинг тушим - қизимнинг орзулари” деб айтардим. 

Ўшанда мен сенинг орзуларингни, сенинг келажагингни, сенинг бугунги кунингни кўрардим. 

Мен саҳнада рақсга тушаётган қизни кўрардим, у осмон бўйлаб парилар каби сирғаниб учарди. Томошабинларнинг “Бу қизни кўраяпсизми? У қари масхарабоз Чаплиннинг қизи, унинг исми Чарли?”, деганини эшитардим. Ҳа, мен ўша қари масхарабоз Чарлиман! Бугун сенинг навбатинг, қизим. Рақсга туш! Мен кенг, йиртиқ шимлар кийиб ўйнардим, сен эса чиройли малика кийимида рақсга тушаяпсан. Ушбу рақслар ва гулдурос қарсаклар сени баъзан осмонларга олиб чиқади. Парвоз қилгин! Аммо ерга туш, қизим! Сен одамларни, совуқдан ва очликдан титраб рақсга тушаётган кўча раққосаларининг ҳаётини кўришинг керак. Мен ҳам улар сингари эдим, Жеральдина. Эртакларимга берилиб ухлаган сеҳрли тунларингда мен ҳушёр юрардим.

Кичкинагина юзингга қараб, юрагинг уришини тинглардим ва ўзимга савол берардим: “Чарли наҳотки, шу мушукча қачонлардир сени таниса? Лекин сен мени билмайсан, Жеральдина. Ўша узоқ кечаларда мен сенга кўпгина эртакларни айтиб берардим, ўзимни эртагимни эса айтолмасдим. Аслида у ҳам қизиқарли эди. Бу Лондоннинг қашшоқ кварталларида қўшиқ куйлаб рақсга тушган, сўнгра садақа тўплаган оч масхарабознинг эртаги эди. Мана менинг эртагим! Бошпанасиз юриб, очлик нималигини бошидан ўтказган, кўкрагида мағрурлик уммони тўлқинланиб турган ва бу мағрурлик ташланган тангалардан оғриқли ярадор бўлган сарсон-саргардоннинг ҳақоратли азобини бошдан кечирдим. Ҳар ҳолда мен тирикман, шунинг учун буни қўя турайлик.

Яхшиси, сен ҳақингда гаплашамиз. Сенинг исмингдан сўнг Жеральдина – менинг фамилиям - Чаплин келади. Ушбу фамилия билан қирқ йилдан ортиқ вақт давомида мен ер юзидаги одамларни кулдириб келдим. Аммо улар кулганларидан кўра мен кўпроқ йиғлардим. Жеральдина, сен яшаётган дунёда рақс ва мусиқадан ташқари бошқа нарсалар ҳам бор. Ярим тунда улкан залдан чиқиб кетаётганингда бой мухлисларингни унутишинг мумкин, лекин сени уйингга олиб борадиган такси ҳайдовчисидан хотини ҳақида сўрашни унутма. Мабодо у ҳомиладор бўлса-ю, бўлажак фарзандининг таглиги учун пули бўлмаса, унинг чўнтагига пул солиб қўй. Мен бу харажатларингни тўлаш учун маблағ ажратиб қўйдим. Бошқаларга эса ҳисоб-китоб бўйича қатъий равишда тўла. Вақти-вақти билан метро ёки автобусга чиқ, пиёда юр ва шаҳарни кўздан кечир.

“Одамларни кузат! Бева ва етимларга эътибор бер! Кунига камида бир марта ўзингга “Мен улар билан бир хилман, улардан фарқим йўқ”, деб айт. Ҳа, қизалоқ, сен уларнинг бирисан! Бундан ташқари, санъат одамга у учиб кетиши учун қанот бағишлашидан олдин, одатда унинг оёқларини синдириб қўяди ва агар бир кун келиб сен ўзингни томошабиндан юқори ҳис қила бошласанг, дарҳол саҳнани тарк эт. Йўлингда чиққан биринчи таксига ўтириб, Парижнинг четидаги шаҳарларнинг бирига боргин. Мен у жойларни жуда яхши биламан. У ерда сен каби гўзал, нафис, шавқли ва ғурурли раққосаларнинг кўпини учратасан.

У ерда театрнинг кўзни қамаштирадиган чироқларидан асар ҳам йўқ. Ой – улар учун ягона чироқдек ярқирайди. Яхшилаб назар сол! Балки улар сендан яхшироқ рақсга тушар. Тан олгин, қизим, ахир сендан ҳам яхши рақсга тушадиган, сендан ҳам яхшироқ ўйнайдиган киши, албатта, топилади!

Ёдингда тут: Чарлининг оиласида ҳеч қачон извошчини менсимайдиган ёки Сена дарёси бўйида ўтирган тиланчини масхара қиладиган қўпол одам бўлмаган.

Мен ўтганимдан сўнг яхши яшаб, ҳеч қачон қашшоқлик нималигини билмасдан яшашингни истайман. Ушбу хат билан бирга сенга хоҳлаганингча пул сарфлашинг учун чек дафтарчасини ҳам қўшиб юборяпман. Аммо икки франк сарфлаганингда, учинчи танга сеники эмаслигини ўзингга эслатиб туришни унутма. У сенга нотаниш, лекин унга муҳтож бўлган одамга тегиши керак. Бунақанги одамни сен осонгина топишингга ишонаман. Гап бу нотаниш камбағалларни кўришни исташингда ва улар билан ҳамма жойда учраша олишингда.

Уларда иблис кучи борлигини билиб туриб, мен сен билан пул тўғрисида гаплашяпман. Ҳаётимнинг кўп қисмини циркда ўтказдим ва ҳар доим дорбозлар учун хавотирда бўлардим. 

Сенга шуни ҳам айтиб ўтишим керакки, одамлар ишончсиз арқондан пастга қараб қулагандан кўра, текис ерга юра туриб кўпроқ йиқилишади. Эҳтимол, меҳмонлар учун уюштирилган зиёфатларнинг бирида олмоснинг ярқираши қўзингни қамаштириб юбориши мумкин. Ўша пайтда у сен учун хавфли арқонга айланади ва қулашинг муқаррар бўлади. Эҳтимол, бир куни сени бирор бир шаҳзоданинг чиройли юзи ўзига жалб қилади. Худди шу куни сен тажрибасиз дорбозга айланасан, тажрибасизлар эса ҳар доим йиқилади. Юрагингни олтин ва заргарлик буюмларига сотма. Билгинки, энг катта олмос бу Қуёш. Яхшиямки, у ҳамма учун бир хил порлайди. Ва вақти келиб бирор кишини севиб қолсанг, уни чин юракдан сев. Онангдан бу ҳақда сенга ёзиб туришини сўрадим, у муҳаббатни мендан кўра кўпроқ тушунади ва бу ҳақда сен билан суҳбатлашиб турса яхши бўлади. Сенинг ишинг қийин, мен буни биламан. Тананг фақат бир парча ипакли матоҳ билан қопланган. Санъат учун саҳнага яримяланғоч кўринишинг мумкин, лекин у ердан нафақат кийинган, балки покиза бўлиб қайтишинг керак.

Мен мўъжиза содир бўлиб, сенга айтмоқчи бўлганларимнинг ҳаммасини тушунишингни хоҳлайман. Чарли энди қариб қолди, Жеральдина. Эртами-кечми, саҳнадаги оқ либосинг ўрнига, менинг қабримга келиш учун мотам кўйлагини кийишингга тўғри келади. Ҳозир сени кўнглингни ғаш қилмоқчи эмасман. Фақат вақт-вақти билан ойнага қараб қўй, у сенга менинг хислатларимни кўрсатади. Томирларингда менинг қоним оқади. Томирларимдаги қон совиб қолганида ҳам отанг Чарли ҳақида унутмаслигингни хоҳлайман. Мен ҳеч қачон фаришта бўлмаганман, лекин ҳар доим одам бўлишга интилганман. Сен ҳам шундай қилишга ҳаракат қил.

Сени ўпиб қоламан, Жеральдина. Сенинг Чарлинг. 1965 йил декабрь.”