Чинор кесилишига эътиборсиз қараган Самарқанд вилояти экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи вазифасига нолойиқ деб топилди
Кеча Самарқанд вилояти ҳокимлигида маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланишда қонун талабларига риоя этиш, кўп йиллик дарахтларни асраб-авайлаш борасида олиб борилаётган ишлар атрофлича муҳокама этилди.
Вилоят ҳокимлиги ахборот хизматининг хабар беришича, Самарқанд вилояти ҳокими Э.Турдимов маданий мерос объектларида олиб борилаётган реставрация жараёнида ҳудудни ободонлаштириш, чинор, тол каби кўп йиллик дарахтларни асраш ҳамда шаҳримизга ташриф буюраётган меҳмонлар ва туристларга зарур шарт-шароит яратиш борасида йўл қўйилаётган хато-камчиликларни танқид қилди.
Самарқанд шаҳрида собиқ “Афсона” сув ҳавзаси ҳудудида “Александр” меҳмонхонаси маъмурияти ва улар жалб қилган қурувчилар томонидан кўп йиллик чинорнинг ҳеч қандай рухсатсиз кесилгани сабабли Самарқанд вилояти ҳокимлиги котибият мудири Улуғбек Облоқулов ҳамда вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси ходими Алишер Муҳаммадиевни маъмурий жавобгарликка тортиш бўйича маъмурий судга мурожаат қилинди.
Атроф муҳитни муҳофаза қилиш соҳасида ва тизим бошқарувида қўпол хатоликларга йўл қўйганлиги учун вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси бошлиғи Ғолиб Негматов эгаллаб турган вазифасига нолойиқ эканлиги қайд этилди.