Чуст туманида заҳарланган болалар бўйича жиноий иш Наманган вилоят прокуратурасидан Бош прокуратурага ўтказилди

Президент ёрдамчиси Саида Мирзиёева давлат раҳбарининг топшириғи билан Наманган вилоятида бўлиб, заҳарланиш аломатлари билан шифохонага ётқизилган болалар ҳолидан хабар олди. Маълум қилинишича, болаларнинг ҳаммаси аста-секин тузаляпти, кўпчилиги оиласи бағрига қайтган. Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, уни юритиш Бош прокуратурага ўтказилган.
Бу ҳақда Мирзиёева ўзининг телеграм саҳифасида ёзиб қолдирган:
"Бугун биз Наманган вилоятига шахсан давлатимиз раҳбарининг топшириқлари билан етиб келдик.
⠀
Вазиятни кўзимиз билан кўриш учун шифохонага бордик, болажонлар ҳолидан хабар олдик. Уларнинг кайфияти яхши, ҳаммалари аста-секин тузалишмоқда, кўпчилиги соғайгани учун уйига - оиласи бағрига қайтарилган.
⠀
Биз болаларнинг ота-оналари билан ҳам суҳбатлашдик, уларнинг ташвишига шерик эканимизни билдирдик.
⠀
Шундан сўнг боғча тарбияланувчилари билан содир бўлган ҳолат юзасидан соғлиқни сақлаш, СЭС, таълим, прокуратура ва бошқа тегишли соҳа мутасаддилари билан йиғилиш ўтказиб, вазиятни ва текширувнинг боришини муҳокама қилдик.
⠀
Ҳозирда ўрганиш ишлари давом этмоқда, жараён назоратга олинган, натижаси ҳақида қўшимча равишда хабар қилинади.
⠀
Бугунги кунда мазкур ҳолат бўйича жиноят иши қўзғатилган бўлиб, иш Наманган вилоят прокуратурасидан Бош прокуратурага ўтказилди" дейилади хабарда.