Дам олиш кунлари ҳаво ҳарорати бироз пасаяди
"Ўзгидромет" хабарига кўра, бугун ва эртага республика бўйича асосан кам булутли ва ўртача иссиқ об-ҳаво сақланиб туради. Ҳаво ҳарорати +33...+38 даража атрофида бўлади.
Якшанба куни Ўзбекистон ҳудудига Кавказ ҳудудларидан нисбатан салқин ва нам ҳавонинг яна бир қисми кириб келади. Республика бўйича булутли об-ҳаво кучаяди, Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Бухоро, Навоий вилоятларининг баъзи жойларида қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин. Ҳарорат яна +31...+34 даражагача, жанубнинг баъзи жойларида +38...+40 даражагача пасаяди. Салқин ҳаво кечаси ва эрталаб сезилади, кечаси ҳарорат +15...+18 даражагача пасаяди.
Бугун жанубда ва чўл ҳудудларда, 24-25 июнь кунлари республиканинг баъзи жойларида шамол тезлиги соатига 13-18 м/с гача, айрим жойларда 20-23 м/с гача кучайиши, чанг-тўзон билан кузатилиши кутилмоқда.
Тоғ олди ва тоғли ҳудудларда 24-25 июнь кунлари баъзи жойларда қисқа муддатли ёмғир ёғиши, момақалдироқ бўлиши мумкин.