Дарахт кесиш такрор содир этилса, 15 суткагача қамоқ белгиланиши мумкин

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси йиғилишида «Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама этилди.

Қонун лойиҳаси билан дарахт ва буталарни, бошқа ўсимликларни ва ниҳолларни қонунга хилоф равишда кесганлик, кундаков қилганлик, шикастлантирганлик, йўқ қилганлик ёки бошқа жойга кўчириб ўтқазганлик учун жавобгарликни кучайтириш белгиланмоқда.

Бундан ташқари, дарахт ва буталарни қимматбаҳо навларини кесиш, кундаков қилиш, шикастлантириш ёки йўқ қилинишига олиб келиши мумкин бўлган ёки олиб келган қурилиш лойиҳа ҳужжатларини тайёрлаганлик учун жавобгарлик назарда тутилмоқда.
Хусусан, фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 бараваридан 15 бараваригача (амалда 5-10 баравар), мансабдорлар учун 20 бараваригача (амалда 10-15 баравар) миқдорда жарима солиш белгиланмоқда. Агар бир йил давомида такрор содир этилса, жарималар янада оширилмоқда. Ҳатто 15 суткагача маъмурий қамоққа олиш чоралари белгиланмоқда.

Муҳокамалар жараёнида фракция аъзолари партия дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, қонун лойиҳасини такомиллаштириш юзасидан тегишли таклиф ва мулоҳазалар билдирди ва уни қўллаб-қувватлади.

Шундан сўнг «Пробация тўғрисида»ги қонун лойиҳаси депутатлар муҳокамасида бўлди.

Таъкидланганидек, қонун лойиҳасида пробация тизимининг умумий қоидалари, пробация хизмати фаолиятини ташкил этиш, пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш мезонлари, пробациянинг ижтимоий мослаштириш тарзидаги шаклини қўллаш, пробация соҳасидаги муносабатлар билан боғлиқ масалаларни тартибга солиш кўзда тутиляпти.

Мазкур қонун лойиҳаси фракция аъзолари томонидан кўриб чиқилди ва маъқулланди.
Якунда фракциянинг тегишли қарори қабул қилинди.

М.КОМИЛОВА, ЎзА.