Давлат Бобонов Самарқанд тарихида илк Олимпиада медалини қўлга киритди

Аввал хабар берганимиздек, Самарқанд дзюдо мактаби тарбияланувчиси Давлат Бобонов Япониянинг Токио шаҳрида ўтказилаётган Олимпия ўйинларида -90 килограмм вазн тоифасидаги баҳсда туркиялик рақиби Майкл Зганкни мағлубиятга учратди ва бронза медалига сазовор бўлди.
Д.Бобонов қўлга киритган бронза медали Самарқанд тарихида Олимпиадада эгалланган илк медаль сифатида тарихда қоладиган бўлди.

Самарқанд олимпия захиралари коллежи собиқ тарбияланувчиси Давлат Бобонов 2015 йилдан буён дзюдо бўйича Ўзбекистон терма жамоаси аъзоси ҳисобланади. 11 йил устози Нурали Қобилов қўл остида шуғулланиб, нуфузли мусобақаларда 7 та олтин медалга сазовор бўлган.

Биз Давлатнинг мураббийи билан телефон орқали боғландик.

- Давлатнинг мусобақада ғолиб бўлишига ўзига бўлган ишончи ва иродаси мустаҳкамлиги қўл келди, - дейди мураббийи Н.Қобилов. - Рақиблари ҳақиқатда кучли эди. Ўтган йили Германияда ўтказилган катта дубулға беллашувида олтин медални қўлга киритиб, республикада “Йилнинг энг яхши спортчиси” деган номга сазовор бўлгани, шу йилда Венгриянинг Будапешт шаҳрида Олимпиада йўлланмаси учун кечган жаҳон чемпионатида кумуш медални қўлга киритиб, Самарқанд тарихини янгилаганда ҳам бугунгидек қувонгандик.


Биз бундай тарихий воқеани яқинлари билан баҳам кўриш мақсадида қаҳрамонимизнинг отаси - Навоий вилоятининг Нурота туманида яшовчи Ҳусниддин Бобоновга қўнғироқ қилдик.

- Барча учун фарзандини ғалабасини кўриш энг катта бахт, - дейди отаси Ҳ.Бобонов. – Бу ғалаба ўғлимнинг орзуси бўлиб келганди, мана бу ҳам ушалди. Аслида, ўғлим Давлатнинг курашга бўлган меҳри 6 ёшидан бошланди. Бу қизиқиш унга отамдан, яъни бобоси Жиянмурод полвондан ўтган бўлса ажабмас. Нуротада амакиси Шаҳобиддин Бобонов қўл остида 12 ёшгача шуғулланди ва Самарқанд олимпия захиралари коллежига олиб бориб устози Нурали Қобиловга топширди.
Мана, қарангки, ўғлим Самарқандда кўплаб ютуқларга эришиб, Самарқанд давлат университетида грант асосида ўқиди. Шу сабабли Олимпиада мусобақасида Самарқанд номидан иштирок этди. Уни ҳамма самарқандлик деб билади. Мен бундан фахрланаман. Бу ғалабаси учун Президентимиздан, мана шундай ёшларга яратиб бераётган имкониятидан миннатдорман. Устозларига, уларни қўллаб-қувватлаётган раҳбарларга, барча-барчага раҳмат айтаман. Юртимиз шарафини ҳимоя қилишга бел боғлаган барча спортчига омад тилайман.

Ҳусан Элтоев.