Давлат бюджети 2021: Қайси соҳаларга энг кўп маблағ ажратилди?
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида 2021 йилга мўлжалланган давлат бюджети параметрлари муҳокама қилинди.
Пандемия шароитида ижтимоий соҳага ажратиладиган харажатлар жорий йилга нисбатан камида 15 фоизга оширилиши режалаштирилмоқда.
Жумладан, кейинги йилда мактабгача таълим қамрови даражасини 70 фоизга, бунда хусусий сектор улушини 25 фоизга етказиш мақсад қилинган. Халқ таълим вазирлигига бюджетдан ажратмалар 16 фоизга оширилади. Мактабларни тезкор интернетга улаш бўйича биринчи марта бюджетдан 100 миллиард сўм, жиҳозлашга 200 миллиард сўм йўналтириш назарда тутилмоқда.
Бундан ташқари, илм-фанни ривожлантириш концепцияси доирасида келгуси йили инновацион ривожлантириш ва новаторлик ғояларини қўллаб-қувватлаш жамғармасига бюджетдан 2 баравар кўп маблағ ёки 100 миллиард сўм ажратилади.
Соғлиқни сақлаш соҳасига қарийб 20 триллион сўм, шундан коронавирусга қарши курашиш тадбирлари учун 3 триллион сўм ҳамда дори-дармон харидига 1,8 триллион сўм белгиланиши кўзда тутилган.
Илк бор онкогематологияга қарийб 90 миллиард сўм ажратилмоқда. Шунингдек, тамаки савдосидан олинган акциз солиғининг 7 фоизи Онкогематологик ва даволаш қийин бўлган касалликларга чалинган беморларни соғломлаштиришга кўмаклашиш жамғармасига ўтказиб берилади. Шу билан бирга, келгуси йилда биринчи марта гемодиализга муҳтож касалларга тиббий хизматлар кўрсатиш қамровини 100 фоизга етказиш учун 130 миллиард сўм йўналтирилади.