“Давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаган”: Президент ғаллачилик соҳасидаги камчиликларни кескин танқид қилди
Давлат раҳбари иштирокида ғаллачиликдаги ислоҳотларнинг энг муҳим босқичига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтмоқда.
Йиғилишда ўтган йилда республика бўйича қарийб 3,5 миллион тонна ун ишлаб чиқарилгани, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келгани кўрсатиб ўтилди.
“Лекин, бугунги кунда “Ўздонмаҳсулот” компанияси таркибидаги 43 та дон корхоналари янги бозор шароитларида самарали ишлашга тайёрми? Афсуски, бу саволга жавоб ижобий эмас.
Шу пайтгача компания таркибидаги дон корхоналари фермерлардан тайёр буғдойни қабул қилиб, уни қайта ишлаш билан шуғулланиб келган.
Оқибатда, уларнинг ун ишлаб чиқариш қувватларидан фойдаланиш даражаси ўртача 60 фоиздан ошмайди”, дея танқид қилди Президент.
Давлат дон корхоналарининг тегирмон харажатлари хусусий секторга нисбатан 20-25 фоизга юқори, рентабеллик эса 2 баравар кам.
Ишлар самарасиз йўлга қўйилгани оқибатида “Ўздонмаҳсулот” корхоналарининг Қишлоқ хўжалиги жамғармаси олдидаги қарзи 1,8 трлн сўмни ташкил этиб, шундан 1,1 трлн сўми умидсиз қарз ҳисобланади.
Энг ачинарлиси, давлат дон корхоналарида талон-торож қилиш ҳолатларига ҳалигача барҳам берилмаган.