Давлат пенсияларини тайинлаш учун фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилади

Давлат пенсияларини тайинлаш “Ягона миллий меҳнат тизими” (ЯММТ) идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритилган электрон маълумотлар асосида амалга оширилади.

Пенсия тайинлашда фуқаролардан фақат паспорт ёки идентификация ID-картаси талаб этилишини ҳисобга олиб, Сиз томонингиздан иш стажи ва иш ҳақи тўғрисидаги маълумотларни рақамлаштириш лозим бўлади.

Маълумотларингизни рақамлаштирилганлик ҳолатини my.mehnat.uz ёки my.gov.uz порталидан рўйхатдан ўтган ҳолда текширишингиз мумкин.

Меҳнат фаолиятини давом эттираётган фуқаролар диққатига:

Агар Сиз бугунги кунда меҳнат фаолиятингизни давом эттираётган бўлсангиз, унда иш жойингиздаги кадрлар бўлимига мурожаат қилишингиз ва меҳнат дафтарчаси ҳамда диплом маълумотларингизни “Ягона миллий меҳнат тизими” идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритишни талаб қилишингиз ҳамда тўғри киритилганлиги бўйича текшириб чиқишингиз сўралади.

Меҳнат фаолиятини тугатган фуқаролар диққатига:

Агар Сиз бугунги кунда меҳнат фаолиятингизни давом эттирмаётган бўлсангиз, унда исталган Бандликка кўмаклашиш марказларига мурожаат қилишингиз ҳамда меҳнат дафтарчангиздаги маълумотларни ЯММТ идоралараро дастурий-аппарат комплексига киритиш хизматидан фойдаланиш ҳуқуқига эгасиз.
(Ушбу хизмат бепул амалга оширилади.)

Эслатиб ўтамиз, пенсия миқдори иш стажи ва иш ҳақига боғлиқдир.

Қўшимча саволлар бўйича Пенсия жамғармаси “Ишонч телефони” 11-40 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз мумкин.