Давлат санъат музейида Қозоғистон рамзи "Тилла одам" намойиш этилади

 11 апрелдан Ўзбекистон давлат санъат музейида Қозоғистон рамзи – Тилла одам намойиш этилади. Бу ҳақда minbar.uz хабар бермоқда.

Cаклар шоҳи – Тилла одамнинг қолдиқлари 1960-йиллар охири – 1970-йиллар бошида Олмаота атрофида археолог Кемал Акишев тадқиқ қилаётган Иссиқ қўрғонидан топилган.

Топилмага "қозоқ Тутанхамони" деб ном беришди ва у кейинроқ Қозоғистон рамзига айланди.

Қадимий ҳукмдорнинг тожидаги олтин безаклар – қанотли тулпорлар Қозоғистон давлат гербининг бир қисмига айланди, Олмаотадаги Мустақиллик майдонига эса Тилла одам ҳайкали ўрнатилди.

Тилла одам экспонати Қозоғистон миллий музейининг "Буюк дашт: тарих ва маданият" кўргазмаси доирасида намойиш қилинади.

Кўргазмада сак қўрғонларидан топилган жами 106 та экспонат намойиш этилади.

2019 йил Ўзбекистонда "Қозоғистон йили" деб эълон қилинган.