Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари тадбиркорлар муаммосини тинглади
Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раисининг аҳоли ва тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бўлиб ўтди.
Унда Давлат солиқ қўмитаси раисининг ўринбосари Олимжон Файзибоев, вилоят давлат солиқ бошқармаси бошлиғи Аловиддин Иноғомов ва Самарқанд шаҳар ҳокими Бобурмирзо Облоқулов иштирок этди.
Очиқ мулоқотда аҳоли ва тадбиркорлар томонидан турли соҳалар бўйича мурожаатлар тингланди. Мурожаатларнинг айримлари жойида ҳал қилинган бўлса, қолган қисми тегишлилиги бўйича мутасадди идора ва ташкилотларга йўналтирилди.
Қайд этиш жоизки, тадбир доирасида аҳолининг эҳтиёжманд қатлами бандлиги ва уларнинг доимий даромад манбаига эга бўлишини таъминлаш масаласи ҳам эътибордан четда қолмади. Жумладан, Самарқанд шаҳри 4-сектори ҳудудида “Аёллар дафтари”га киритилганларга 20 та тикув машинаси берилди. Шунингдек, “Ёшлар дафтари”даги 18 нафар ёшга темир ва пластик пайвандлаш асбоби, автомобилларни ювиш ускунаси, пишириқ печи ва тикув машинаси тақдим этилди.
– Мен “Ёшлар дафтари”да рўйхатда тураман, – дейди Самарқанд шаҳридаги “Хўжағунжойиш” маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи Паризода Тўхтасинова. – Тикувчилик билан шуғулланиш истагида эдим. Шу боис, шаҳар 4-сектори раҳбарига тикув машинаси сўраб, мурожаат қилдим. Бугунги тадбирда менга тикув машинаси тақдим этилди. Энди тадбиркорлик билан шуғулланиб, даромад олиш ниятидаман.
Самарқанд вилояти давлат солиқ бошқармаси ахборот хизмати.