Давлат тилига ҳурмат болаликдан бошланади

Тил сиёсати барча даврларда муҳим аҳамиятга эга бўлган. Ҳозирги кунда дунёда 7 ярим миллиард аҳоли бўлса, улар 7 мингдан ортиқ тил, лаҳжа ва шевада гаплашади. Лекин 7 минг тилдан атиги 1 фоизида дунёнинг 90 фоиз мамлакатида гаплашилади. Уларнинг орасида ўзбек тилининг ҳам борлиги бизга ғурур бағишлайди.

Дунёда 50 миллиондан ортиқ одам ўзбек тилида мулоқот қилади. Нафақат мамлакатимизда, балки хориждаги ҳамюртларимиз ҳамда хориждаги ўзбек тилини ўрганиш истагини билдирган чет эллик фуқаролар ҳам шулар жумласидандир.

Бинобарин, давлатимиз раҳбари ташаббуси ва ғояси билан Миллий боғда яратилган Адиблар хиёбони мамлакатимизда ўзбек ададиёти ва тилига эҳтиром рамзидир.

Буюк аллома Алихонтўра Соғуний ўзининг “Туркистон қайғуси” китобида: “Одам ўзлигини унутмаслиги учун уч нарсани қўлдан бой бермаслиги керак: Ватанини, динини ва тилини” деб ёзган эди.

Вазирлигимизда ҳам бу масалага жиддий эътибор бериляпти. Барча янги МТМлар чиройли ўзбекча ном билан аталяпти, хориж тилидаги номлар ўзгартириляпти. Давлат тилида иш юритиш бўйича услубий қўлланмалар юборилиб, жойларда бу бўйича семинарлар ташкил этаяпмиз. Ҳозир тегишли ОТМ билан ҳамкорликда тизимимиздаги ходимларнинг давлат тили бўйича саводхонлиги, билим ва малакасини синовдан ўтказиш режаларини қиляпмиз.

Камола РИСҚУЛОВА,

Мактабгача таълим вазирининг маънавий-маърифий ишлар ва давлат тили бўйича маслаҳатчиси.