Давлат хизматчилари конституциявий ислоҳотлар жараёнида фаол иштирок этиши муҳим
Давлат бошқаруви академиясида шу мавзуда очиқ мулоқот ташкил этилди.
Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикерининг биринчи ўринбосари, Конституциявий комиссия раиси Акмал Саидов, Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов иштирок этди.
— Айни дамда мулоқотимизда Агентликнинг барча ходимлари, давлат органлари ва ташкилотларининг масъул вакиллари иштирок этмоқда. Бугун Конституциявий ислоҳотларнинг мазмун-моҳияти, мазкур ислоҳотларнинг амалий ифодаси аҳолининг кундалик ҳаётига, турмушига қандай ўринга эга бўлишини тушунтириш ва тарғиб қилиш муҳим вазифадир. Бундай жараёнда иштирокчи сифатида, аввало, давлат хизматчиларининг ўзида Конституциявий ислоҳотлар ҳақида билим ва кўникма бўлиши лозим.
Бугун биз мулоқотимиз давомида “Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини бандма-банд кўриб чиқамиз, фикр-мулоҳазаларимизни алмашамиз. Мақсад битта — умумхалқ муҳокамасида иштирок этиб, Қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга эришиш, — деди Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги директорининг биринчи ўринбосари Отабек Ҳасанов.
Мулоқот аввалида конституциявий ислоҳот жараёнлари ҳақида маълумот берилди.
Президент Шавкат Мирзиёев 2021 йил 6 ноябрь куни ўз лавозимига киришишига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида “Сенатор ва депутатларимиз, кенг жамоатчилигимиз, халқимиз билан яна бир бор маслаҳат қилиб, жаҳон конституциявий тажрибасини ўрганиб, пухта ўйлаган ҳолда бугунги ва келгуси тараққиётимизни белгилаб берадиган Асосий қонунимизни такомиллаштириш масаласини ҳам кўриб чиқишимиз керак”, деган таклифни илгари сурди.
Таклифнинг амалий ифодаси сифатида Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш киритиш ва ташкилий чора-тадбирларни амалга ошириш юзасидан Олий Мажлис палаталари Кенгашлари томонидан 20 май куни Конституциявий комиссия тузилди ва ўз фаолиятини бошлади.
Бугунга қадар Ўзбекистон Конституциясига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш юзасидан Конституциявий комиссияга 60 мингдан зиёд таклифлар келиб тушган.
Президент 20 июнь куни Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашди. Учрашувда давлатимиз раҳбари аҳолининг фаоллигини, мамлакат келажагига дахлдорлик ҳиссини юксак баҳолади ва конституциявий ислоҳотлар юзасидан устувор йўналишларга алоҳида эътибор қаратди.
Жорий йилнинг 24 июнь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси “Ўзбекистон Республикаси Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Конституциявий қонун лойиҳасини эълон қилди. Лойиҳанинг умумхалқ муҳокамаси 5 июлга қадар давом этади.
Мулоқот давомида иштирокчилар қатор таклифларини билдиришди, баҳс-мунозаралар давомида соҳага тегишли бандлар ҳам муҳокама қилинди. Бу каби очиқ мулоқотларни меҳнат жамоаларида давом эттириш бўйича келишиб олинди.