Давлат хизматчиси нафақат касбий, балки маънавий жиҳатдан ҳам бошқаларга ўрнак бўлиши керак

Вилоят ҳокими Э.Турдимов 2022 йил 20 октябрда "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 595-сонли қарори ижросини таъминлаш ҳақида" қарор қабул қилди.

Бугун вилоят ҳокимлигида, шунингдек, шаҳар ва туманлар ҳокимликларида ушбу қарор мазмун-моҳиятини ҳокимлик масъул ходимлари ва давлат фуқаролик хизматчиларига етказишга қаратилган йиғилиш ўтказилди.
- Шу йил 14 октябрда Вазирлар Маҳкамаси "Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари"ни тасдиқлади, - деди вилоят ҳокимлиги ташкилий-кадрлар гуруҳи раҳбари Б.Раҳматуллаев. - Унга кўра, давлат хизматчиси ҳалол, камтар бўлиши, жамоатчилик танқидига йўлиқмаслиги, танқидга учраганда эса таъқиб қилмаслиги, бировнинг манфаатини кўзлаб совға, фойда ва мукофот олмаслиги лозим. 
Ижтимоий тармоқларда сўкинмаслиги, давлат идоралари ва мансабдор шахсларни ғийбат қилмаслиги, ислоҳотларга ишончсизлик уйғотадиган материалларни жойлаштирмаслиги лозим. 
Раҳбарлар эса маҳаллийчиликка, уруғ-аймоқчиликка, таниш-билишчиликка, гуруҳбозликка йўл қўймаслиги, фақат ўзига "садоқатли" кадрларни ўстириш билан шуғулланмаслиги, фаворитизмдан тийилиши лозим.
Шунингдек, йиғилишда давлат хизматчиси нафақат касбий, балки маънавий жиҳатдан ҳам бошқаларга ўрнак ва намуна бўлиши кераклиги, айниқса, унинг одоб-ахлоқи, ўзини тутиши, оддий аҳоли вакиллари билан мулоқот маданияти жамоатчилик назарида бўлиши таъкидланди.