Ризқ бутун, хирмонлар баланд, омборлар тўла
Буғдойдан уч хил навли ундан ташқари чорва учун омухта ем, комбикорма, кепак, спирт ҳамда балиқ озуқаси учун дон чиқиндиси олинади.
Самарқандда буғдой унидан 20 хил нон, 40 дан ортиқ нон маҳсулотлари ва 50 хилдан кўпроқ турли пишириқлар тайёрланади.
Вилоят ғаллакорлари бу йил 94 минг 130 гектар сувли майдонда дон етиштириб, улкан хирмон яратди. Сув танқислиги ва турли касалликларга қарамай, ғаллакорларимиз тажриба ва меҳнатлари эвазига омборларимиз донга тўлди. Қишлоқ хўжалиги ходимлари, фермерлар, сувчи-ю механизаторларни элимиз ризқ-рўзини етиштириш, ҳосилни қисқа фурсатда нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олишдаги жонбозлиги ва фидокорона меҳнати эвазига 684 минг тоннадан ортиқ хирмон бунёд этилди. Дунёда озиқ-овқат, хусусан, ғалла тақчиллиги кузатилаётган шу кунларда бу яхши натижа ҳисобланади.
Инсон бир кунда ўртача 300 граммдан 400 грамгача нон истеъмол қилишини ҳисобга олсак, 1 килограмм ғалла – 750 грамм ун бир кунда икки кишининг нонга бўлган эҳтиёжини қондиради.
- Кўп йиллардан буён мамлакатимизда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш, соҳага замонавий ёндашувга давлат даражасида эътибор қаратилмоқда, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бошлиғи Содиқжон Ҳакимов. - Бунинг натижасида бутун республика бўйлаб аввалига фермерлик ҳаракати, кейинчалик кластер тизими юзага келди. Одамларда қилаётган меҳнатидан манфаат топиш, ўз ерига эгалик қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш туйғулари пайдо бўлди. Йиллар давомида бозор талабидан келиб чиқиб, экин экиш, янги навларни жойлаштириш, замонавий технологиялардан фойдаланиш имконияти яратилди. Асосийси, деҳқон меҳнатидан манфаатдорлиги ортди. Ғаллачиликда амалга оширилган саъй-ҳаракатлар эвазига вилоятимизда ҳам аҳолининг донга бўлган эҳтиёжини тўлиқ ўз имкониятларимиз ҳисобидан қондиришга эришилди.
1 гектар суғориладиган майдонга 250 килограмм ғалла уруғи экилади. Барча агротехник тадбирлар ўз вақтида ва сифатли бажарилса, бу уруғлик 6 тоннадан ортиқ донга айланади.
30 йилда ҳосилдорлик қарийб 4,5 баробарга ўсди
Солиштирадиган бўлсак, 1990 йилда вилоят бўйича суғориладиган майдонлардан 155,5 минг тонна дон олиниб, ҳосилдорлик 23,5 центнерни, 2000 йилда 380,6 минг тонна ва ҳосилдорлик 38,8 центнерни, 2013 йилда 701,4 минг тонна ва ҳосилдорлик 45 центнерни, 2018 йилда эса 570 минг тонна ва ҳосилдорлик 52,3 центнерни ташкил қилган. Ёки ғаллачиликдаги ўсиш 1990 йилга нисбатан 4,4 баробарга, 2000 йилга нисбатан 1,8 баробарга ошди. Жорий йилда сувли майдонлардаги ўртача ҳосилдорлик 71,8 центнерни ташкил этиб, 1990 йилга нисбатан 47,9 центнер, 2000 йилга нисбатан 32,6 центнер ўсишга эришилди. Эътиборли томони, ғалла етиштирган 4650 фермер хўжалигида лалми майдонларни ҳисобга олмасак, 50 центнердан паст ҳосилдорлик кузатилмади. Жумладан, 1766 хўжалик 50-60 центнер, 1713 хўжалик 60-70 центнер, 1002 хўжалик 70-80 центнер ва қарийб 5 минг гектар майдонда ғалла парваришлаган 106 хўжаликда ҳосилдорлик гектарига 80-90 центнердан ортди.
1 та нон таркибида организм эҳтиёжи учун зарур бўлган 800-1000 к/кал. энергетик қувват, 25-35 грамм оқсил ва 150-200 грамм углеводлар бор.
- Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 ноябрдаги “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан 2019 йил ҳосилидан бошлаб ғаллакор фермерлар етиштирган бошоқли дон ҳосилдорлигига қараб, давлат хариди учун етказиб берилган ғалла харид нархига 25 фоизгача устама ёки чегирма қўлланилди, - дейди вилоят қишлоқ хўжалик бошқармаси бўлим бошлиғи Тоҳир Дувланов. - Мазкур қарор ҳам фермерлар манфаатдорлигини оширишдаги навбатдаги қадам бўлди. Соҳадаги ислоҳотлардан яна бири бошоқли дон етиштириш ва ўриб-йиғиб олиш билан боғлиқ агротехника юмушларининг ўз вақтида ва сифатли ўтказилиши, молиявий ва моддий-техника ресурсларининг тўлиқ етказиб берилиши, якуний ҳисоб-китоблар сентябргача тўлиқ амалга оширилишидир.
Бир бошоқ дон бир бурда нон
16-18 сотих суғориладиган ерда 1 тонна буғдой етиштирилади. 1 тонна буғдойдан 750 килограмм ун олинади. 750 килограмм ун 1662 та қолипли нон, 1500 та обинон бўлади.
Қишлоқ хўжалик корхоналарининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш учун лизинг асосида сотиб олинаётган техникалар бошланғич нархининг 15 фоизини тўлаб, қолган 85 фоизини 10 йил давомида қайтариш бўйича имтиёзлар берилди. Натижада ўтган йилларда 70 дан ортиқ юқори унумли комбайн олинди. Бунинг ҳисобига ғалла ўримини қисқа фурсатда ўтказиш таъминланмоқда.
Ғалла етиштиришда молиявий соҳанинг тизимли йўлга қўйилиши, яъни қишлоқ хўжалигининг мавсумийлиги ҳисобга олинган ҳолда 6 мингдан ортиқ фермер хўжалигига кам фоизли имтиёзли кредитлар ажратилиши ўз самарасини берди. Биргина жорий йилда ғаллачилик учун 364,5 миллиард сўм имтиёзли банк кредити ажратилди. Ажратилган 264,5 миллиард сўмлик имтиёзли кредит маблағлари тўлиқ сўндирилди. Шунингдек, шартномадан ортиқча етиштирилган 3,9 минг тонна дон фермер хўжаликларининг ўз ихтиёрида қолиши хўжаликлар моддий техник базасини мустаҳкамлаш учун кенг имконият яратди. Натижада жорий йилда жами 1 триллион 905 миллиард сўм маблағ сарфланиб, 2 триллион 375 миллиард сўм даромад олинмоқда, рентабеллик 24,7 фоизни ва соф фойда 470 миллиард сўмни ташкил этмоқда. Вилоят бўйича давлатга товар дон сотиш шартномавий режаси кутилганидан ортиғи билан бажарилди. Яна фермер хўжаликлари ихтиёрида 400,7 минг тоннадан ортиқ ғалла қолди.
Ўктам Худойбердиев.