Депутат анкетаси: Муаммога ўрин қолдирмаймиз
1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?
Сайлов округи ҳудудида катта лойиҳалар амалга оширилмоқда. 2020 йил учун 4 та инвестиция лойиҳалари шакллантирилган. Масалан, Навбаҳор маҳалласида қиймати 500 миллион сўм бўлган автомобилларга техник хизмат кўрсатиш шохобчаси, қиймати 1 миллиард 800 миллион сўмлик тикувчилик цехи ва мебелларни таъмирлаш хизмати шулар жумласидан.
Бундан ташқари, Баландчордара маҳалласида замоанавий эшик ва ромлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Бунда 1 миллиард 300 миллион сўм инвестиция ўзлаштирилди. Муллакичкина қишлоғида амалга оширилаёган интенсив боғ лойиҳаси учун эса 500 миллион сўм сармоя киритилди.
Албатта, булар фақат инвестиция дастури асосида амалга оширилаётган лойиҳалар. Хизмат кўрсатиш ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган ишлар ҳақида ҳам узоқ гапириш мумкин. Муҳими, буларнинг барчаси, аввало жамоатчилик билан бамаслаҳат, хусусан, ҳудуддан сайланган депутатлар назорати остида амалга оширилмоқда.
2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?
Барчага маълум, пандемия талаблари олиб борилаётган ишларнинг шакли ва мазмунига анчагина ўзгартиришлар киритди. Шунга кўра, округ ҳудудида учрашувлар, олдин режалаштирилган йиғилишларни ўтказиш бир мунча қисқарди.
Лекин округ ҳудуддаги қишлоқларни айланганимда сайловчилар билан жонли мулоқот ўтказаяпман. Мени депутат қилиб сайлаган маҳаллалар асосан дехқончилик билан шуғулланади. Улар турмушини ўрганиш асносида 700 дан зиёд камбағаллар рўйхатини шакллантирдим. Ўтган давр мобайнида сектор раҳбарлари ва тегишли ташкилотлар билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар туфайли уларнинг кўпчилиги “Темир дафтар”дан чиқарилди.
Алоҳида қайд этишим лозимки, сайловолди ташвиқот ва мулоқотларда ишончли вакиллари бўлган Файзулла Муҳаммадиев ва Акрам Қурбонов сингари округдаги ҳақиқий аҳвол тўғрисида доимий ахборот бериб туради.
Одамларни қийнаётган муаммо ёки ечимини кутаётган масалаларни имкон қадар маҳаллий ҳокимлик вакиллари билан ҳал қилаяпман.
3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг?
Энг фаол сайловчиларим - Неъмат Эшматов ва Тошбиби Ражабова Намоз полвон маҳалласида 60 кундан буён суюлтирилган газ баллонлари келмаётгани ҳақида мурожаат қилди. Мен бу хусусида “Ҳудудгаз” Самарқанд филиали бошлиғига сўров йўлладим. Ташкилот раҳбари Холмурод Бобомуродов орадан 2 кун ўтиб, маҳаллада яшовчи истеъмолчиларга газ баллонлар етказиб берилишини таъминлади.
Сайловчиларим менга қўнғироқ қилиб, муаммо ҳал бўлганидан қувониб миннатдорлик билдирди. Бунақа мисоллар жуда кўп.
Ҳасан НОРМУРОДОВ,
28-Каттақўрғон сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.