Депутат анкетаси: Қўл қовуштириб турганимиз йўқ

1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

2. Жорий йилда ҳудудда бир қанча лойиҳалар амалга оширилмоқда. Йўллар таъмирланяпти, мактабларда зарур қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Саноат ва хизмат кўрсатиш соҳасида ҳам ўнлаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилаётир.

Аммо пандемия сабаб айрим лойиҳалар ўз вақтида амалга оширилмай қолди. Мисол учун, тасдиқланган давлат дастури асосида Самарқанд ветеринария медицинаси институти тўлиқ қайта таъмирланиши керак эди. Афсуски, карантин туфайли бу ишларни амалга ошириш ортга сурилди.

Шу билан бирга “Миллий тикланиш” демократик партияси вилоят кенгаши ва партия депутатлик гуруҳи режасига мувофиқ бир қанча лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Жумладан, “Уйма-уй”, “Депутат билан юзма-юз” лойиҳалари доирасида аҳоли хонадонларига бориб, яшаш шароитлари ва ҳудуддаги мавжуд аҳволни ўргандик.

Ўрганишларда қатор муаммолар, мисол учун, Самарқанд шаҳридаги 39-умумий ўрта таълим мактаби таъмирталаб аҳволга келиб қолганлиги аниқланди. Мутасадди ташкилотларга йўлланган депутатлик сўрови асосида мактабда тамирлаш ишлари олиб борилди.

2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

2. Ҳудуддаги 25 та маҳалла кесимида қабуллар, сайловчилар билан учрашувлар ўтказиш графиги ишлаб чиқилган.

Ўтказилган қабул ва учрашувларда 30 яга қин мурожаатлар бўлди. Мурожаатларнинг аксариятини коммунал соҳага оид муаммолар ташкил этади. Аниқланган ҳолатлар бўйича тегишли идораларга депутатлик сўровлари юборилиб, масалалар бартараф этилмоқда.
Жойлардаги ўрганиш ва аҳоли билан учрашувлар давомида 21 та эҳтиёжманд оила рўйхати шакллантирилди. Улар “темир дафтар”га киритилиб, зарур ёрдам кўрсатилмоқда.

3. Депутат сифатида ўзингиз сайланган сайлов округи ҳудудидаги аҳоли муаммоларини ҳал этиш юзасидан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.

3. Жорий йилнинг 20 август куни “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида Самарқанд шаҳар Боғишамол маҳалласида яшовчи фуқаро О.Тагиева ижтимоий кўмакка муҳтожлиги, оиласи кам таъминланганлиги, оиласида ягона боқувчи эканлигини билдириб, ёрдам кўрсатишни сўради.

Суҳбат давомида унинг тикувчилик ҳунари борлиги, аммо тикув машинаси йўқлиги маълум бўлди. Ҳолат юзасидан Самарқанд шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлимига депутат сўрови юбордим. Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, Самарқанд шаҳар маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлими вилоят касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси ёрдами билан О.Тагиевага тикув машинаси берди.

Дилфуза Равшанова,
7-Истиқлол сайлов округидан Самарқанд вилояти Кенгаши депутати.