Депутат анкетаси: Сайловчиларнинг дарди кўп

1. Сайлов округингизда 2020 йилда қандай лойиҳалар режалаштирилган? Улар ижросига киришилганми?

Мен вилоят Кенгаши депутатлигига сайланган округ ҳудудидаги 16 маҳаллада 35 минг 594 нафар фуқаро истиқомат қилади.

Дастур асосида округ ҳудудидаги Пайшанба-Жарбоши қишлоқларини туташтирувчи 6 километр 570 метр йўлга 4 миллиард 403 миллион сўм маблағ сарфланиб, асфальт қоплама ётқизилди.

Жорий йилда ҳудудда Инвестиция дастури доирасида 7 та ижтимоий соҳа (4 та мактаб ва 3 та МТТ) объектида қиймати 14,07 миллиард сўмлик қурилиш-монтаж ишлари олиб борилмоқда. Шунингдек, короновирус пандемияси оқибатларини юмшатиш ва қўшимча иш ўринлари яратиш учун қўшимча 2 та умумий ўрта таълим мактаби ва 1 та мактабгача таълим ташкилотида реконструкция ва мукаммал таъмирлаш ишлари бошланган.

Аҳолини арзон уй-жойлар билан таъминлаш учун 2 та 4 қаватли (48 та квартирали) уй-жой, “Хотин-қизларнинг муаммоларини ўрганиш ва ҳал этиш, уларни моддий ва маънавий қўллаб-қувватлашга қаратилган манзилли чора-тадбирлар” дастури асосида ажратилган 643,9 миллион сўм маблағ ҳамда ҳомийларни жалб қилган ҳолда 10 та 2 сотихли 3 хонали уй-жой қуриляпти.

Телефон ва интернет алоқаси сифатини яхшилаш мақсадида Навоий вилоятининг Хатирчи тумани чегарасидаги қишлоқлар - Жизмонсой, Бургансой, Ёнбошсой маҳаллаларида 65 километр оптик толали тармоқлар тортиш режалаштирилган. Бунинг учун туман маҳаллий бюджетидан 200 миллион сўм маблағ ажратиляпти. Ҳозирги кунда 28 км. оптик толали алоқа тармоқлари тортилиб, уяли алоқа учун антеналар ўрнатилди. Туман марказиига 3200 сиғимли МСАН қурилмаси ўрнатилди.

2. Депутат сифатида бевосита ўзингиз сайланган сайлов округида маҳалла ёки меҳнат жамоасида қандай тадбир ўтказдингиз?

Депутатлик фаолиятимни тўғри ва самарали ташкил этиш мақсадида тузилган иш режамда қонунлар, Президент фармон ва қарорлари ҳамда бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун-моҳиятини аҳолига етказиш, улар ижросини назорат қилишга қаратилган вазифалар белгиланган.

Сайлов округидаги аҳоли билан ўтказилган учрашувларда 20 дан ортиқ муаммолар кўтарилди. Мурожаатларнинг 8 таси бўйича ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 10 га яқин масала жойида ҳал этилди. Жумладан, Мавлон қишлоғида яшовчи Жонқобилова Ойсанамга тикувчилик фаолиятини йўлга қўйиши учун Халқ банки Пайшанба филиалидан 20 миллион сўм имтиёзли кредит олишида амалий ёрдам берилди.

3. Сиз томонингиздан юборилган охирги депутатлик сўровининг мазмуни ва натижасини шарҳланг.

Жизмонсой маҳалласи раиси Фахриддин Исаевнинг 59 та хонадонга маиший газ баллонларини олиб бериш бўйича амалий ёрдам сўраган мурожаати юзасидан “Ҳудудгаз Самарқанд” МЧЖ томонидан депутатлик сўрови асосида 60 та хонадонга маиший газ баллонлари етказиб берилди.

Жорий йилнинг 29 май санасида Каттақўрғон туман Себўстон маҳалласи аҳолиси билан ўтказилган учрашувда фуқаролар Шўр қишлоғидаги 11 километр йўлда ёғингарчилик мавсумида юриб бўлмаслигидан арз қилди. Муаммони ҳал этиш бўйича вилоят автомобиль йўлларидан фойдаланиш ҳудудий бош бошқармасига сўров чиқардим. Берилган жавобга кўра, йўл таъмирини туман Ободонлаштириш бошқармаси келгуси йил манзилли дастурига киритибди.

Аҳоли Мойбулоқ маҳалласида жойлашган шифохонада болалар ва туғриқ бўлимлари ёпилиб кетганлигидан норозилик билдирди. Шифохонадаги бўлимларни қайта тиклаш бўйича вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасига депутатлик сўрови юбордим.

Шерали ЮЛДАШЕВ,

29-Қорадарё сайлов округидан вилоят Кенгаши депутати.