Депутат Самарқанд шаҳри “Фидойилар” маҳалласидаги абгор ҳолат бўйича қатор саволлар қўймоқда
Халқ депутатлари Самарқанд вилояти Кенгаши депутати Феруз Насруллаев таҳририятга мазкур маҳалладан олинган қатор видеолавҳа ва суратларни юборди. Унда “Чашма” ариғи атрофида йиллар давомида тўпланиб қолган чиқиндилар муаммоси акс этган.
“Вилоят Кенгаши раисининг топшириғига асосан "Фидойилар" маҳалласидан ўтувчи “Чашма” коллектори ён-атрофини ободонлаштириш ва аҳоли дам олиш масканига айлантириш, велойўлаклар ташкил қилиш бўйича ўрганиш ўтказилганди.
Бориб ўрганилганда маҳалладаги ҳолат ачинарли экани маълум бўлди. Маҳаллада ободонлаштиришга умуман эътибор қаратилмаган. Ариқ (коллектор) ён-атрофи чиқинди билан тўлган. Ҳозирги мураккаб вазиятда бу ерда яна ҳам кўпроқ касаллик тарқалиши ҳеч гап эмас.
Мутасадди ташкилотлар қаерга қараяпти? Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш инспекцияси, Самарқанд шаҳар давлат санитария ва эпидемиология-осойишталик маркази бўлими қани?” дейди депутат ўз хатида.